"РБ Лейпциг" Дани Ольмога янги нарх қўйди!
Дани Ольмонинг "РБ Лейпциг" билан шартномасига киритилган озод қилиш банди тез орада тугайди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, исталган жамоа 26 ёшли испаниялик ярим ҳимоячини 60 миллион евро товон пули эвазига сотиб олиши мумкин. Бироқ ушбу имконият фақат 20 июлгача амал қилади. Аммо бундай қисқа муддат ичида ҳеч бир клуб бу трансферни расмийлаштиришга улгурмаслиги аниқ, аммо “РБ Лейпциг” Ольмони белгиланган санадан кейин тахминан шу нархга сотишга тайёр.
Германия яшил майдонларида бўлиб ўтган Европа чемпионатида Испания терма жамоасининг етакчиларидан бирига айланган футболчига "Бавария", "Челси" ва "Барселона" клублари қизиқиш билдирмоқда. Дани Ольмо Евро-2024 доирасидаги олтита ўйинда учта гол ва иккита голли узатмани амалга оширди. Футболчининг "РБ Лейпциг" билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар тузилган.
Фикрлар