"Реал" Аргентина терма жамоаси ўйинчисининг трансфери бўйича баёнот берди
"Реал" клуби "Челси" яримҳимоячиси Энцо Фернандес билан шартнома имзолаш нияти йўқлигини маълум қилди.
Испания грандининг баёнотида таъкидланишича, сўнгги кунларда тарқалаётган хабар ва миш-мишларга қарамай, клуб аргентиналик футболчини олиб келиш бўйича ҳеч қандай – на бевосита, на билвосита – ҳаракат амалга оширмаган.
"Клубимиз юқорида тилга олинган футболчи билан шартнома имзолаш учун ҳеч қандай ташаббус кўрсатмаган ва бундай трансферни амалга оширишни режалаштирмаяпти", – дейилади хабарда.
"Реал" Энцо Фернандесга алоҳида ҳурматини изҳор этди. Мадридликлар уни маҳоратли, бутун дунёга танилган футболчи сифатида эътироф этар экан, "Челси" клуби билан ҳам ўзаро яхши муносабатлар мавжудлигини қайд этди.
"Айнан шундай нуфузли клуб, яъни "Челси"га бўлган ҳурматимиз, шунингдек "Реал" фаолиятини доим белгиллаб келган ҳурмат ва ҳалол рақобат тамойилларидан келиб чиқиб, клубимиз асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган миш-мишларни кескин рад этишни зарур деб билади", – дейилади баёнотда.
Мадрид клуби, шунингдек, аниқ фактлар ва клубнинг мутлақо ҳаракатсиз қолганига қарамай, реал воқеликка мос келмайдиган маълумотлар тарқаши давом этаётганидан афсусдалигини билдирган. "Бундай хабарлар мухлислар орасида тушунмовчиликка сабаб бўлмоқда ҳамда бу жараёнга алоқадор клублар ва шахсларга ортиқча зарар етказмоқда", – дея хулоса қилинган "Реал"нинг расмий баёнотида.

Фикрлар