"Реал" ашаддий рақиб "Барса" олмаган футболчи билан музокара бошлади
Мадриднинг «Реал» жамоаси таркибни кучайтириш бўйича ишларни давом эттирмоқда ва ана шу мақсадда Италиянинг амалдаги чемпиони «Интер» марказий ҳимоячиси Алессандро Бастонини қўлга киритиш режаси устида ҳам иш бошлади.
AS нашри маълумотига кўра, «Қироллик клуби»нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашни асосий вазифалардан бири сифатида кўрмоқда. Ёзги трансфер ойнасида клуб ҳозиргача Иброҳим Конате, Марк Кукурелья ва Дензел Думфрис билан шартнома имзолади, аммо ҳимояни қайта қуриш шу билан чекланиб қолмайди.
Манбага кўра, «Реал» раҳбарияти 27 ёшли Бастони трансфери бўйича фаол иш олиб бормоқда. Мадрид клуби ва «Интер» ўртасидаги муносабатлар жуда яхши, деб баҳоланмоқда, италиялик ҳимоячининг ўзи эса Испанияга кўчиб ўтиш ғоясига ижобий қараётгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, ўтган мавсум давомида Бастони «Барселона» билан музокаралар олиб борган, аммо келишув амалга ошмаган. Моуриньонинг «Реал»га қайтиши ортидан футболчи бошқа вариантларни вақтинча тўхтатиб, фаолиятини айнан Мадрид клубида давом эттиришга умид қилмоқда.
AS маълумотларига кўра, Бастонининг трансфери «Реал»га тахминан 60 миллион евро атрофида тушиши мумкин. Бироқ битим яқин кунлардаёқ расмийлаштирилиши кутилмаяпти, чунки мадридликлар аввало таркибдаги бир қатор футболчиларни сотиш масаласини ҳал қилиб олиши керак бўлади.

Фикрлар