"Реал"да Куртуа ўрнини босадиган дарвозабон номзоди муҳокама қилинмоқда
"Реал Мадрид" раҳбарияти 34 ёшли дарвозабон Тибо Куртуанинг келажакдаги ўрнини босиши мумкин бўлган номзодлар юзасидан ички муҳокамаларни бошлаган. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, эҳтимолий ворислар рўйхатида "Брайтон" ва Нидерландия терма жамоаси посбони Барт Вербрюгген номи тилга олинмоқда. Шу билан бирга, клуб ўз академиясига ҳам катта умид боғламоқда. Академия тарбияланувчилари орасида энг асосий номзод сифатида "Реал Кастилья" дарвозабони Фран Гонсалес кўрилаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, ҳозирча Куртуа жамоа учун мутлақо алмаштириб бўлмас фигура экани таъкидланмоқда. Шу сабабдан, яқин вақт ичида янги дарвозабонни олиш масаласи клуб учун долзарб вазифа ҳисобланмайди.
Тибо Куртуа 2018 йилдан буён "Реал" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 2022 йил октябрь ойида у Лев Яшин номидаги совринни қўлга киритиб, 2021/2022 мавсумининг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилган.
Ҳозирда Куртуа Бельгия терма жамоаси ихтиёрида бўлиб, 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

Фикрлар