“Реал” икки футболчисини "Рома"га бермади
Жозе Моуриньо юқори мақсадлар сари курашадиган жамоа тузиш мақсадида катта клубларда пишган футболчиларни олишга эътибор қаратмоқда.
Бу гал португалиялик мутахассис ўзи бир пайтлар бошқарган “Реал” вакилларига эътибор қаратди.
El Nacional нашрининг маълум қилишича, португалиялик мутахассис Лукас Васкесни Римга олиб келишни истамоқда. “Бўрилар” бу трансферни январь ойида амалга оширишни режалаштирганди, бироқ “Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти тажрибали футболчининг кетишига рухсат бермади.
Лукас Васкес “Қироллик клуби” тарбияланувчиси ҳисобланади. Орада бир мавсум “Эспаньол”да ўйнаганини ҳисобга олмаганда фаолиятини Мадрид клубида ўтказиб келмоқда. 2015 йили асосий таркибга қабул қилинган ўйинчи 150 дан зиёд учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол урган.
Майдонда тўлиқ ўнг қанотни ёпишга қодир футболчи жорий мавсумда барча турнирларда 22 та беллашувда қатнашиб битта гол урди.
Шунингдек, “Рома” спорт директори Тьягу Пинто “Реал”нинг яна бир вакили Дани Себальосни Римга таклиф қилди. 25 ёшли футболчи “Қироллик клуби”нинг асосий таркибига кира олмаяпти. Ўтган икки мавсум давомида ижара асосида “Арсенал”да тўп тепган ярим ҳимоячи жорий мавсумда Ла лига ва Испания кубогида захирадан икки марта майдонга тушиб, атиги 24 дақиқа ҳаракат қилди.
Шунга қарамай, Дани Себальос “Рома”дан бўлган таклифни қабул қилмади. Мутахассислар бу ўйинчи фаолиятини ўзини яхши томондан кўрсата олган Англия премьер-лигасида давом эттиришга мойил эканини таъкидлашмоқда.
Моуриньога яна икки футболчини тавсия қилишди
Жозе Моуриньонинг агенти Жорде Мендеш ўз мижозларини “Рома”га таклиф қилишни давом эттирмоқда.
Рим клуби тез орада Амаду Диаварани бошқа жамоага жўнатишга тайёрланаётганидан хабар топган таниқли агент римликларга “Вулверхэмптон”жа ўйнаётган Жоау Моутиньони трансфер қилишни тавсия қилди.
Португалиялик футболчи ёши катта бўлишига қарамай, Англия премьер-лигасида жуда фаол ўйнамоқда. У жами 20 та учрашувда қатнашиб, битта гол уришга эришди. 35 ёшли ярим ҳимоячининг “бўрилар” билан амалдаги шартномаси мавсум охирида тугайди. Моуриньода ўз ҳамюртини бепул қўлга киритиш имкони бор.
Моутиньо фаолияти давомида “Спортинг”, “Порту”, “Монако” каби жамоаларда тўп тепган. “Вулверхэмптон” сафида 2018 йилдан бери ўйнаяпти.
Мендеш таклиф қилаётган иккинчи номзод “Марсель” етакчиси Бубакар Камарадир. 22 ёшли футболчи таянч зона ва ҳимояда ишончли ўйнайди. Франция клуби билан шартномаси ёзда якунланадиган Камарани олиш анча мушкул.
Истеъдодли ўйинчига ҳозирнинг ўзида бир неча гранд клублардан жиддий чорловлар бўлмоқда.
Камара жорий мавсумда Франция чемпионатида 17 та учрашувда қатнашиб, битта тўп киритди. Унинг трансфер суммаси 27 миллион еврога баҳоланган.
У бўлмаса, бошқаси
Бельгиянинг “Андерлехт” клуби “Рома”ни америкалик ҳимоячи Брайан Рейнольдсни ижарага жўнатишга кўдирган эди.
Айрим сабабларга кўра, бу трансфер амалга ошмади. Рейнольдс барибир Бельгияга борадиган бўляпти. Бу гал уни “Кортвейк” жамоаси ўз сафига қўшиб олмоқчи.
“Андерлехт” эса римликларнинг бошқа ўйинчисига кўз тикмоқда. Улар Эбрима Дарбони ижарага олишни режалаштирмоқда.
Гамбиялик ярим ҳимоячи жорий мавсумда мураббийлар штаби ишочини қозана олгани йўқ. У А серияда атиги бир бор кўриниш берди. Ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида у бошқа жамоага ўтшга қарши эмас.
Фикрлар