«Реал» Мбаппе ва Парагвай сенатори ўртасидаги можарога муносабат билдирди
«Реал Мадрид» клуби Килиан Мбаппе атрофида юзага келган можаро юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Франция терма жамоаси юлдузи Парагвай сенатори Селеста Амарилья билан очиқ тортишувга киришгани ортидан мадридликлар футболчига очиқча ҳимоя билдирди.
Клуб матбуот хизматининг мурожаатда таъкидланишича, Парагвай сенатори Селеста Амарилья томонидан Килиан Мбаппе ҳақида айтилган ирқчилик ва миллатчилик руҳидаги гаплар кескин қораланади.
«Реал Мадрид» Парагвай сенатори Селеста Амарилья томонидан бизнинг футболчимиз Килиан Мбаппе манзилига айтилган ирқчилик ва ксенофобияга асосланган баёнотларни қатъий рад этади. Бундай сўзлар сиёсий ваколатга эга шахс мақомига мутлақо тўғри келмайди.
Нафрат ва адоватни қўзғайдиган бундай хулқ-атвор жамиятда ўрин топмаслиги керак. Футбол ва умуман спорт – тенглик ва бирдамлик майдонидир. «Реал Мадрид» ирқчилик, ксенофобия ва зўравонликни бутунлай йўқ қилиш йўлида ўз ҳаракатларини давом эттиради», – дейилади клуб баёнотида.

Фикрлар