“Реал” нега “Манчестер Сити”га ютқазди? Гвардиола жамоаси ЕЧЛ соврини учун асосий номзод?! – Даврон Файзиевдан таҳлил
Бир неча кун аввал, ЕЧЛ нимчорак финал жавоб баҳсидан ўрин олган “Манчестер Сити” – “Реал” қарама-қаршилиги бўлиб ўтди. Беллашувда мезбонлар меҳмонларни биринчи ўйинда бўлгани каби 2:1 ҳисобида таслим этиб, кейинги босқичга йўл олди.
Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев “SPORTS.uz ҳафтаси” кўрсатувида ўйинга оид фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- “Реал”га фақат Серхио Рамос етишмадими? Менимча, ундай эмас. Тўғри, Рамос бўлганда, балки ўзининг етакчилик хусусиятлари эвазига Варанга қайсидир жойда позицияларни тўғри танлаш, баъзи ҳолларда оддийроқ ўйнаш, жуда мураккаблаштирмасликни уқтирарди. Лекин у ерда битта нарса борки, Рамоснинг ўрнида ҳаракат қилган Эдер Милитао кўп хато қилмади. У нормал даражада тўп тепди. Милитао марказий ҳимоячи сифатида Рамоснинг ўрнини боса олди. Бироқ жамоа етакчиси сифатида ундай эмас.
“Реал”га бу учрашувда кўп жиҳатлар етишмади. Аниқроғи, “шаҳарликлар” худди биринчи беллашувдагидек ўйинга қўйилган режа ва тайёргарликни аъло даражада ўтаганини кўришимиз мумкин. Айнан “Реал”га мослашиб, тайёргарлик кўрди. “Қироллик клуби”ни жарима майдончаси ичидаёқ прессинг билан кутиб олди. Бунинг эвазига бўшлиқлар йўқолди. Мадридликларнинг комбинацион ўйини йўққа чиқарилди. Мезбонлар эса тезкорлик билан ҳаракат қилди ва бир нечта индивидуал футболчилар меҳмонлар ҳимоячиларини шошириб қўйди. Улардан бири, албатта, Раҳим Стерлинг, яна бири Габриэл Жезус ва ҳимоядан ҳужумга қўшилиб турган Кайл Уокер. Одатда Кевин де Брюйне жамоада ажралиб турарди. Санаб ўтганим учта футболчи де Брюйне даражасига яқинлашиб қолишди, бу ўйинда. Эдерсоннинг бир нечта сэйвлари ҳам роль ўйнади. Бу ерда факторлар кўп. Ҳар битта позицияда “Сити”нинг яхши ўйнагани келиб чиқаверади.
Баъзида шундай жараён кузатиладики, бутун ўйин давомида битта жамоа устунликка эришади, иккинчиси тасодифий гол эвазига ютади. “Манчестер Сити”нинг ғалабасини бундай атамаган бўлардим.
Энди Варан масаласи. Рафаэль Варан дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан бири. Шу Варан билан “Реал” ЕЧЛ финалини 4 марта ютди. Ҳар доим у “Қироллик клуби”нинг асосий ҳимоячиси вазифасини бажарган. Ҳеч қачон “Реал” Варансиз ғалабаларга эришмаган, агар мана шу охирги йилларни оладиган бўлсак. Франция терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритганда, Варан асосий таркиб ҳимоячиси эди. Шунинг учун ҳам бундай ўйинчини битта ўйин туфайли ёмон футболчига айлантириш, даражасини тушириб қўйиш катта хато. Шунчаки унинг куни эмас эди. Ҳа, Варан айбдор. Чунки кучлар тенгма-тенг келганда, битта – иккита хато ҳаммасини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Ўша хатолар Варан томонидан содир этилди. Ушбу беллашувни у ҳам, жамоадошлари ҳам унутишлари керак. Учрашувдан сўнг ҳимоячи интервью бериб, шериклари ва мухлислардан узр сўради. Ўзи тушуниб турибди хато қилганини.
Роналдунинг дубллари "Реал"га етишмади, "Юве"га эса етмади. Сарри билан бу таркиб шунчаки увол
“Реал”нинг мавсумини ижобий баҳоласа бўлади. ЕЧЛ бу босқичида финалга тенг ўйинга тўғри келиб қолди. Тенг кучли рақиб билан курашда имкониятни бой берди. Яъни айтмоқчиманки, “Сити” билан финалда ҳам ўйнаши мумкин эди.
“Манчестер Сити” ЕЧЛ кубоги учун асосий фаворитга айланди, бу аниқ. Хосеп Гвардиоланинг соврин учун режа туза олиш хусусиятларидан келиб чиқадиган бўлсак, жамоанинг имкониятлари, таркиби, формаси, бироз чанқоқлиги (АПЛ бой берилди) каби факторлар уларни кейинги босқичда жудаям кучли рақибга айлантиради, - деди Даврон Файзиев.
Фикрлар