«Реал» ва Винисиус ЖЧ-2026дан кейин янги шартнома бўйича музокараларни бошлайди
Мадриднинг «Реал» жамоаси ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор олти ойдан сўнг, 2027 йил 1 январдан эркин агент мақомини қўлга киритиш эҳтимоли бор. Испания гранди раҳбарияти ва футболчи томони янги шартнома бўйича музокараларни жаҳон чемпионати — 2026 якунлангач қайта бошлашга келишиб олган. Бу қарор Винисиусни мусобақадаги ўйинларидан чалғитмаслик мақсадида қабул қилингани таъкидланмоқда, деб хабар берди Marca нашри.
Ҳозирча музокаралардаги асосий келишмовчилик молиявий шартлар билан боғлиқ. Бразилиялик футболчининг амалдаги маоши бир мавсум учун тахминан 20 миллион еврони ташкил этади. Ҳужумчи томони эса йиллик иш ҳақини 30 миллион евро атрофига оширишни талаб қилмоқда. «Реал Мадрид» раҳбарияти бундай миқдорни амалга ошириш қийинлигини билдирмоқда.
2025/2026 йилги мавсумда Винисиус барча мусобақалар доирасида 53 ўйинда майдонга тушди, 22 та гол урди ва 14 та голли узатма муаллифига айланди.

Фикрлар