“Реал”га супергол урган Яхшибоев ўзига янги жамоа топди
Ўзбек футболининг кейинги йиллардаги энг иқтидорли футболчиларидан ҳисобланган Жасур Яхшибоев яна жамоасини ўзгартирадиган бўляпти.
26 ёшли ҳужумкор футболчимиз фаолиятини легионер сифатида давом эттиришни маъқул кўрди. Манбалардан бири – meta-ratings.kz сайтининг маълум қилишича, ўзбекистонлик ўйинчи Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони – “Ордабаси”нинг хорижий йиғинига қўшилиш учун Туркияга етиб борган.
Ўтган мавсумда чимкентликлар сафида икки нафар ўзбек футболчиси – Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов ўйнаган ва улар жамоанинг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшган эди.
Мавсумлар оралиғида чемпион жамоа сафида катта ўзгаришлар бўляпти. Хусусан, клуб раҳбарияти янгиланди. Ўйинчилар орасида ҳам янгиликлар бор. Хусусан, ўтган йили жамоанинг барча учрашувларида қатнашиб, 26 та ўйинда еттита гол урган Бобур Абдухолиқов “Насаф”га қайтишга қарор қилди.
Шаҳбоз Умаров фаолиятини қаерда давом эттириши ёки Чимкент жамоасида қолиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ.
Таъкидлаш жоизки, Жасур Яхшибоев бир неча йил муқаддам Беларусь чемпионатига йўл олганида “Энергетик-БГУ” сафида ярим мавсум Шаҳбоз Умаров билан бирга ўйнаган. Бобур Абдухолиқов эса, бу икки легионеримиздан кейин “Энергетик-БГУ” сафида порлаган ва бир неча индивидуал совринларни қўлга киритганди.
Жасурбек Яхшбоевнинг фаолияти анча қизиқарли воқеаларга бой тарзда кечаётганини ҳам таъкидлаш лозим.
Яхшибоев аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. “Шерлар” бошланғич таркибидан муқим жой берилмаганидан кейин у дастлаб, Олмалиқ жамоасида ижарада ўйнади. 2020 йилнинг мартида кутилмаганда Беларусга йўл олди. Аввалига “Энергетик –БГУ”да тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган Жасур иккинчи даврани “Шахтёр-Солигорск” жамоаси бошлади ва якунда мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Яхшибоев Европанинг кучлироқ лигаларида ўйнаш мақсадида Польшанинг энг машҳур жамоаси “Легия”га кўчиб ўтди. Бироқ бу жамоада унга имкон беришмади. Варшаваликлар бир неча ойдан кейин легионерни Молдованинг “Шериф” жамоасига ижарага бериб юборди.
“Шериф”да Жасурнинг натижалари яхшиланди. Айниқса, Молдова клуби ўз тарихида илк бор Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида қатнашди. 2021 йилнинг 28 сентябрь санаси Яхшибоевнинг хотирасида бир умрга қоладиган бўлди.
Жасур “Сантьяго Бернабеу” аренасида ўтказилган учрашувда “Реал” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг тарихий ғалабасига ҳисса қўшди. Шу тариқа, Яхшибоев Мадридда “Реал” дарвозасига гол урган биринчи ўзбек футболчиси бўлди.
Икки йил давомида учта мамлакатда тўп тепган Яхшибоев Беларусь, Польша, Молдова чемпиони бўлди.
2022 йилнинг ёзида Яхшибоев Ўзбекистонга қайтди ва “Навбаҳор”дан қўним топди.
Энди ҳамюртимизнинг фаолиятида янги саҳифа очилмоқда. Яхшибоев келаси мавсум “Ордабаси”нинг чемпионлик унвонини ҳимоя қилишига ва Европа Чемпионлар лигаси саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтишига кўмаклашишига умид қиламиз.
Фикрлар