“Реал”ни нокаут қилган қаҳрамонлар – Польша ишонмаган Яхшибоев, Грецияда захирага михланган Атанасиадис ва Россияда сўниб қолган Тилль!

Бутун Европа “Реал” майдонида мезбонларни тиз чўктирган “Шериф” ғалабаси ҳақида бонг урмоқда. Кўпчилик “кўҳна қитъа”да умуман таниш бўлмаган футболчилар ҳақида турли маълумотларни қидира бошлади.

Аслида, аввал “Шахтёр”ни, кейин “Реал” юлдузларини нокаут қилган футболчиларнинг аксарияти турли жамоалар ва мураббийлар ишончини қозона олмаган, бироқ фаолиятини яна гуллатиш учун курашдан қочмайдиган иродали йигитлари экан. Улар “Шериф”га нималарга қодирлигини кўрсатиш учун келганини намоён этмоқда.

Sports.uz портали тарихий учрашувда қаҳрамонлик кўрсатган асосий таркиби футболчиларини бирма-бир таништириб ўтади. Уларни яхшилаб эслаб қолинг. Чунки бу кетишда бу таркиб вакиллари кучли лига ва қудратли клублардан таклиф олиши ҳеч гап эмас.

Дарвозабон Георгиос Атанасиадис, 28 ёш, Греция

Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилган дарвозабон “Шериф”га уч ой олдин АЕК жамоасидан ижарага олиб келинган.

У ўз юртида ўртамиёна посбон саналарди. Атанасиадис – “Шериф”даги Еврокубокларнинг гуруҳ босқичида қатнашиш тажрибасига эга ягона футболчи. У АЕК таркибида ўтган мавсумда “Заря”га қарши майдонга тушган. Ўша учрашувда учта тўп ўтказган дарвозабонни машҳур мураббий Массимо Каррера захирага михлаган эди.

“Реал” юлдузларининг ўндан зиёд зарбасини қайтарган грек дарвозабони икки соат ичида кўп скаутлар эътиборини қозонди.

rueea432a2462

Чап қанот ҳимоячиси Кристиано, 28 ёш, Бразилия

“Реал”га қарши учрашувда Жасур Яхшибоевга зўр пас ошириб, суперголга шароит яратиб берди. Тирасполликларнинг энг тажрибали ўйинчиси Европага келгунга қадар асосан ўз юртида номи чиқмаган заиф жамоаларда ўйнаган. У тўп тепган энг кучли клуб – “Крисиума” иккинчи лига вакили бўлган холос.

2017 йили Молдовада легионерларга чеклов олиб ташланганидан кейин бахтини излаб “Шериф”га келган.

Марказий ҳимоячи Густаво Дуланто, 26 ёш, Перу

Дуланто саккиз ой муқаддам “Боавишта”дан “Шериф”га иш излаб келиб қолганди. Футбол сирларини Перуда ўргана бошлаган бу футболчи 16 ёшида Аргентинанинг “Росарио” жамоаси академиясига қўшилди.

Аввал Перуда, кейинчалик Португалияда тўп тепган футболчи ўз салоҳиятини кўрсата олмади ва уни эркин агент сифатида Молдовага қўйиб юборишди.

Марказий ҳимоячи Данило Арболеда, 26 ёш, Колумбия

Данило ҳам саккиз ой муқаддам ўз юртидан Молдовага келди. “Депортиво” ўзига керак бўлмай қолган ҳимоячини “Шериф”га бепул қўйиб юборди.

Шунга қарамай, у Колумбия чемпиони ҳисобланади. Лекин у чемпионлик қўлга киритилган даврда атиги икки бор майдонда кўриниш берган холос.

Ўнг қанот ҳимоячиси Фернандо Костанза, 22 ёш, Бразилия

Саккиз ой олдин “Ботафого” жамоасидан эркин агент сифатида олиб келинган. “Ботафого” тарбияланувчиси Фернандо асосий таркибга ўта олмаган. 2018 йилда уни “Лилль”га жўнатишди. Лекин Францияда ҳам ўзини кўрсата олмай, ярим йилда ортга қайтди.

Костанза 2019 йилги мавсумни тўлиқ ўтказди ва кейин футболдан узоқлашди. 2021 йилнинг февралида “Ботафого” фойдасиз ўйинчини “Шериф”га қўйиб юборди. Ҳозир у жамоанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири.

Марказий ярим ҳимоячи Эдмунд Аддо, 21 ёш, Гана

Икки ой муқаддам Словакиянинг “Сеница” жамоасидан келган. Словакия чемпионатининг ўртамиёна жамоасида икки ярим йил ўйнаганидан кейин ўзи Молдовага келди ва шу ёзда тирасполликлар жамоасига қўшилди.

Марказий ярим ҳимоячи Себастьян Тилль, 27 ёш, Люксембург

Ғалаба тўпини киритган футолчи ҳам “Шериф”га саккиз ой олдин таклиф қилинган. Тирасполликлар уни Люксембургнинг “Прогрес” жамоасидан ижарага олган.

Тиллар оиласидаги уч ака-ука – Себастьян, Оливье ва Венсан Люксембург терма жамоаси юлдузлари ҳисобланади. Уларнинг отаси Серж Тилль  ўз даврида яхши футболчи бўлган ва кейин “Прогрес”да мураббийлик қилган.

Себастьян Тилль ўз юрти чемпионатида 225 та учрашувда 48 та гол ва 57 та голли пас оширган. Катта тажрибага эга футболчи 2020 йилнинг кузида Россияга йўл олди. “Тамбов”да еттита учрашувда майдонга тушган ярим ҳимоячи пулсиз қолиб кетганидан кейин, “Шериф”га кўчиб ўтишга қарор қилди.

rue2f0594d19d

Ҳужумкор ярим ҳимоячи Димитрис Коловос, 28 ёш, Греция

Бир йил олдин “Панатинаикос”дан аввал ижарага олинган Коловос эркин агентга айланиши билан тирасполликлар таклифни қабул қилди.

Бу футболчи “Олимпиакос”да Греция чемпиони бўлган. Кейинчалик Нидерландиянинг “Виллем” ва Бельгиянинг “Мехелен” каби клубларида ҳам тажриба тўплаган. Ўйинида пасайиш кузатилган  Коловос Кипр чемпионатида ҳам ўйнади.

Ўз даврида ҳужумкор футболчи Греция терма жамоасига жалб қилинган.

Ўнг қанот ярим ҳимоячиси Адама Траоре, 26 ёш, Мали.

“Реал”ни синдирган ғалаба голига пасни айнан малилик ўйинчи ташлаб берди. Саккиз ой аввал “Мец”дан “Шериф”га кўчиб ўтган. Адама Мали терма жамоаси етакчиларидан ҳисобланади.

Малида ўзини кўрсатган футболчининг охирги уч йилда Франция ва Саудия Арабистонидаги фаолияти кўнгилдагидек кечмади. “Шериф”га келиб, яна ўйини  кўзга кўрина бошлади.

Чап қанот ярим ҳимоячиси Фрэнк Кастаньеда, 27 ёш, Колумбия

Ярим йил аввал Словакиянинг “Сеница” жамоасидан “Шериф”га келиб, жамоа сардори ўайланган футболчи тирасполликларнинг асосий тўпурари ҳисобланади. Колумбиялик футболчи “Шериф” сафида жами 43 та учрашувда 31 та гол муаллифи бўлди.

Кастаньеда “Шериф”нинг энг қиммат футболчиси. Унинг трансфери 1 миллион еврога баҳоланган.

Ҳужумчи Жасур Яхшибоев, 24 ёш, Ўзбекистон.

Биринчи гол доим муҳим бўлади. Тарихий учрашувнинг 25-дақиқасида “Реал” дарвозасига супергол уриб, “Сантьяго Бернабеу”ни ларзага солди.

Жасур 2020 йилнинг бошида Беларусь чемпионатига ўтганидан кейин тўпурарлик қобилиятини намойиш қилди. Аввал “Энергетик-БГУ” тўққизта, кейин “Шахтёр-Солигорск” сафида 7 та гол урди. Солигоскликлар билан мамлакат чемпинлигига сазовор бўлган ҳамюртимиз 2021 йилнинг бошида Польша чемпиони “Легия”га ўтди.

Польшада Жаур Яхшибоевга ўзини кўрсатиш учун имкон беришмади. Ўйин амалиётисиз қолаётган легионеримиз 29 август куни тирасполликлар таклифини қабул қилди. “Шериф” айнан Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида муваффақиятли қатнашиш учун ўзбек футболчисини ижарага олди.

Жасур ўзига билдирилган ишончни Тибо Куртуанинг дарвозасини ишғол қилиш билан оқлади.

20210928_zaa_a181_104

Яхшибоев  Максим Шацкихдан кейин Европа Чемпионлар лигасида гол урган иккинчи ўзбекистонлик футболчига айланди. Шунингдек, у биринчи бўлиб, “Сантьяго Бернабеу” аренасида тўп киритган ўзбек ҳужумчиси ҳисобланади.

Мадридликлар “Реал”ни супергол билан тиз чўктирган Яхшибоевни ҳеч қачон унутмайди!

Бугун легионеримиз “Сантьяго Бернабеу”да “Реал”га қарши тўп тепади!

 Рим дербисида ҳужумни кучайтирган Шомуродов неча баллга лойиқ кўрилди?

“Рома” Европа Чемпионлар лигасида... Шомуродовнинг орзуси ушаладими?

Моуриньога бутсамни отиб юбордим!

Бугун Рим дербиси: Шомуродовда Рейнага гол уриш тажрибаси бор. Моуриньо ундан фойдаланадими?

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
&
Бухорий Шариф
29/09/2021 22:35
Бу футболчиларнинг келажаги порлоқ. Уларни кучли жамоалар кўз остига олган бўлса ажаб эмас. Шерифда улар чинакамига ўсишди.
&
Ашуров Бахтийор
29/09/2021 21:30
Энди ҳамма ишонади.ИншаАллаҳ!
&
Shahzod_andmi
29/09/2021 20:19
Qoil
Sag'indiq Kenjebaev
29/09/2021 21:30
Qoyil deyiladi

Sag'indiq Kenjebaev
29/09/2021 21:31
Rostanmi ?
&
Бухорий Шариф
29/09/2021 22:39
Ростданми? деб ёзилади. Ростанми деб эмас. Имловий ҳатолар кўп учраябди. Ҳаттоки мақолаларди ҳам.
Ulugoff Dlyabiznesa
30/09/2021 18:17
бугун Шомуродов ва Машарипов клуби хам уйниди силкалари Uzbekistan Legioners телеграм каналида бор кимга кере боса
Sag'indiq Kenjebaev
29/09/2021 21:15
Qoyil