Рекорд сари одимлаётган Надаль ва Уильямс, янги технология ва 14 кунлик карантин - бугун бошланган "Australian Open" ҳақида!

"Australian Open" турнири бу йил ноодатий вақтда бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақа аввал февраль ойида ўтказилмас эди, бироқ пандемия туфайли йилнинг дастлабки "Катта дубулға"си ҳам бошқа санага кўчирилди. "US Open-2020" ҳамда "Roland Garros-2020"дан фарқли ўлароқ, ҳозирги Австралия очиқ чемпионати анъанавий тарзда - томошабинлар ва рекорд миқдордаги соврин жамғармаси билан ўтказилмоқда. Бироқ бир неча эътиборга молик жиҳатлар ҳам йўқ эмас. "Australian Open-2021"да илк бор чизиқ ҳакамлари иштирок этмайди. Уларнинг ўрнини замонавий техника эгаллайди. Соврин жамғармасининг ўзи йил давомида 71 млн Австралия долларидан 80 миллионгача ўсди. Бошланғич раундда иштирок этувчи спортчилар фойдаси қайта тақсимланади. Ҳозирча, томошабинлар учун ҳеч қандай чекловлар йўқ, лекин арена томи ёпилса, улар ниқобда бўлиши шарт. Шунингдек, бошқа мамлакатдан келган спортчилар 14 кунлик карантин муддатини тўлиқ ўташи шарт.

jpg

"Улкан тож" туркумидаги бошқа турнирларга қараганда, "Australian Open" энг ёши ҳисобланади. Ушбу мусобақа илк бор 1905 йилда бўлиб ўтган. Жорий мавсум 109-мусобақа ўтказилади. Биринчи ва иккинчи жаҳон уруши даврида турнир тўхтатилган. Турли йиллар мобайнида ўйинлар Австралиянинг турли шаҳарларида, ҳатто, Янги Зеландияда бўлиб ўтди. "Australian Open" 1988 йилдан бошлаб "Melburn Park Tennis Center"га кўчирилди ва ўшандан бери баҳслар майсада эмас, хард қопламали кортларда ўтказилмоқда.

photo_2021-02-08_20-40-36

Эркаклар ўртасида совринлар сони бўйича мусобақа рекордчиси сербиялик Новак Жокович ҳисобланади. Ўтган мавсум у фаолиятидаги 8-"Australian Open" ғолиблигини қўлга киритганди. Аёллар ўртасида эса, мезбонлар вакиласи Маргарет Корт 11 та "Катта дубулға" билан рақобатчиларини ортда қолдирган. Унинг энг яқин таъқибчиси 7 та унвонга эга, америкалик Серена Уильямсдир. Кичик Уильямсда Маргарет билан орадаги фарқни бироз қисқартириш имконияти мавжуд. У "Australian Open-2021"да иштирок этмоқда.

8b90b790-5c48-11eb-bffc-0b470536cb0d

Эркаклар ўртасида дунёнинг биринчи ракеткаси ва амалдаги чемпион Новак Жокович ушбу турнир фаворити сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу турнир якуни қандай бўлишидан қатъи назар, сербиялик спортчига рейтингда ҳеч ким ета олмайди. Унинг асосий рақобатчиси Рафаэль Надаль Австралия кортларида фақатгина бир марта зафар қучган(2009 йил). Ва агар у 12 йил олдинги муваффақиятини такрорлай олса, 4 та "Катта дубулға" турнирларида камида 2 мартадан ғалаба қозонган ягона теннисчига айланади. Шунингдек, Мельбурн кортларида бош совринни боши узра баланд кўтарган тақдирда, Надаль "Улкан тож"лари сонини 21 тага етказиб олади ва бу борада Федерерни ортда қолдиради. Айни дамда уларнинг ҳар иккисида 20 тадан соврин мавжуд.

photo_2021-02-08_20-44-36

Аёллар ўртасида Серена Уильямс, София Кенин, Симона Халеп ҳамда Наоми Осака каби теннисчилар бош соврин учун фаворит саналади. Уильямс 2017 йилда ўзининг сўнгги "дубулға"сини айнан "Australian Open"да қўлга киритганди. Фаолияти давомида 23 бор "катта тўртлик"да зафар қучган океанорти вакиласи бу сафарги ғалабаси билан Маргарет Кортга етиб олиши мумкин. Австралиялик собиқ теннисчи ҳисобида 24 та "Улкан тож" туркумига кирувчи турнирлар бош соврини мавжуд. Маълумот учун, Серена ўтган йили ушбу мусобақада ўта муваффақиятсиз иштирок этган. Учинчи раундда хитойлик Ван Цяндан мағлуб бўлиб, турнир билан хайрлашган. Бу сафар кичик Уильямс ўта қатъиятли ва муросасиз рақиб Лаура Зигемундга қарши кортга чиқади.

IMG_20210208_204712

Мусобақа қуръасига тўхталадиган бўлсак, эркаклар ўртасида дунёнинг учинчи ракеткаси Доминик Тим Жокович билан, 4-рақам остида сараланган Медведев Надаль билан бир вақтда ўз юришини бошлайди. Кучли саккизликдан жой олган потенциал рақиблар қуйидаги кўринишга эга: Новак Жокович (1) - Александр Зверев (6), Доминик Тим (3) - Диего Шварцман (8), Андрей Рублёв (7) - Даниил Медведев (4) ва Стефанос Циципас (5) - Рафаэль Надаль (2). Биринчи даврадаги қизиқарли бўлиши кутилаётган қарама-қаршилик Григор Димитров (18) - Марин Чилич ҳамда Денис Шаповалов (11) - Янник Синнер ўртасида кечади.

gettyimages-1300969846-2048x2048

Афсуски, ўзбек теннис ихлосмандлари бу сафарги "Australian Open"ни ҳам нейтрал мухлис сифатида томоша қилишга мажбур. Юртимизнинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истомин 1-қвалификация босқичидан ўта олмади. Бироқ бу ҳолат биринчи бор такрорланмаяпти ва доимгидек, жаҳон миқёсида ўзимиз катта қизиқиш билан кузатадиган теннисчиларнинг ўйинидан баҳра олишда давом этамиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!