"Репетиция тугади, ҳамма катта саҳнага" ёхуд бугундан Суперлигада 2-давра бошланяпти

Ниҳоят, Суперлигамизда 2-давра учрашувлари бошланяпти.

2 август куни Суперлиганинг иккинчи давра баҳсларига старт берилади. 2, 3 ва 4 август кунларига 3 та ўйин белгиланган.

“Нефтчи” – “Сўғдиёна” ва “Олимпик” – “Насаф” ўйини 20 августда, “Пахтакор” – “Сурхон” баҳси эса 22 августга белгиланган. “Динамо” – “Навбаҳор” қарама-қаршилиги бошқа кунга кўчирилган.  Демак, сиз билан биз ҳозирча 14-турнинг 3 та ўйинига гувоҳ бўламиз. Жамоалар ёзги тайёргарликдан сўнг асосий эътиборларини яна расмий учрашувларга қаратишади. "Репетиция" тугади ва энди ҳамма "катта саҳнага".

2 август

19:45. “Қизилқум” – “Бунёдкор”

Чемпионатнинг илк турида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда “Қизилқум” “Бунёдкор”ни 3:2 ҳисобида ютиб қайтганди. Ўшанда “Қизилқум” таркибида ўйнаган ҳимоячи Шаҳбоз Жўрабеков рақиб дарвозасини ишғол қилган ва битта голли пас ҳам берган. Энди эса Жўрабеков “Бунёдкор”га ўтди ва “Қизилқум”га қарши майдонга тушиш имкониятига эга. Биринчи даврани ўз даражасидан паст ўтказган “Бунёдкор” учун иккинчи давра ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар натижалар яна салбийлигича қолаверса, “Қалдирғочлар” пастга қараб шўнғишда давом этадилар. Иккала жамоа ҳам таркибига янги ўйинчиларни қўшиб олишди. Қаршидаги учрашувда имкониятлар тенг. Фақат ким қандай тайёргарлик кўрганига кўп нарса боғлиқ.

3 август

19:45. “Андижон” – ОКМК

“Бобур арена”да тўп суриш меҳмон жамоалар учун жуда оғир. Чунки андижонлик мухлисларни қандай кучга эгалигини ҳамма яхши билади. Улар стадионда ҳосил қилаётган юқори даражадаги муҳит меҳмонларни саросимага солиб қўйиши мумкин. “Андижон” ҳамда ОКМК жамоалари ҳозирда жанговар кайфиятда. Ёзги селекцияда иккала клубда таркиб масаласида айрим ўзгаришлар кузатилганини биласиз. Биринчи даврада Олмалиқдаги беллашувда дарвозалар дахлсиз қолган. Кўпчиликнинг эътиборини тортаётган ушбу қарама-қаршилик ҳужумкор руҳда ўтиши шубҳасиз. Қолганини ўйин давомида кўриб оламиз.

 

4 август

19:45. “Металлург” – “Локомотив”

Биласиз, биринчи даврани ғалабасиз тугатган ягона клуб “Металлург”дир. Салбий натижалар фонида ёзда бекободликлар сафида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бош мураббийликка Григорий Колосовский келди. Таркибга бир қанча ўйинчилар олиб келинди. Улар учун ҳар бир ўйин финалга тенг. “Металлург”нинг рақиби “Локомотив” ҳам таркибида анча-мунча ўзгаришларга қўл урди. Турнир жадвалида улар “Металлург”дан у қадар узоқда эмас. Жамоаларни фақат уч очко ажратиб турибди. “Локомотив” ҳам мақтанарли ҳолатда эмас. “Металлург” учун масъулият ва натижа ҳар қачонгидан муҳим.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!