Роберт Левандовски афсонавий Герд Мюллер натижасини такрорлади

Кеча Германия Бундеслигаси 20-тури доирасида "Бавария" "Майнц" билан баҳс олиб борди. Учрашувда мюнхенликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўйиндаги "Бавария"нинг биринчи голига Роберт Левандовски муаллифлик қилди. Бу 31 ёшли польшалик футболчи учун мавсумдаги 22-гол сифатида қайд этилди.

Шундай қилиб, Левандовски 1972-йилда афсонавий Герд Мюллер қайд этган 20 та ўйинда 22 та голлик натижани такрорлади.

Яна Левандовски мюнхенликлар таркибида ўзининг 150-голини киритди. Бундай натижани Бундеслигада саккизта футболчи уддалай олган. "Бавария" либосида эса бу ишни фақат Герд Мюллер ва Карл-Хайнц Румменигге бажара олган. Аммо улар бу учун польшаликдан кўра кўпроқ ўйин ўтказишига тўғри келган.