“Рома” ҳужумчиси бўйича кутилмаган вазият юзага келди!

Николо Дзаньоло Италия футболининг энг ёрқин истеъдодларидан ҳисобланади. Лекин жорий мавсумда унинг ишлари кўнгилдагидек эмас.

22 ёшли ҳужумчи “Рома”да айрим учрашувларни жуда юқори савияда ўтказгани унинг харидорлари кўпайишига сабаб бўлди. Қолаверса, футболчининг манфаатларини ҳимоя қилаётган агентлар Рим клуби билан янги шартнома бўйича келишувни қабул қилмаяпти.

Асосий харидор сифатида “Ювентус” тилга олинмоқда. Турин клуби А Серияда бўй кўрсатган ёш юлдузларни ўз сафига қўшиб олишга алоҳида эътибор қаратади. Бунга уларнинг Душан Влаховични “Фиорентина”дан трансфер қилиганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Манбаларнинг таъкидлашича, Николо Дзаньолонинг жисмоний ҳолати “Ювентус” мутасаддиларини бу трансфердан юз ўгиришига сабаб бўлмоқда. Кейинги пайтда икки марта жиддий жароҳат олган футболчи ҳозир анча нозиклашиб қолган.

084111_m

Дзаньоло Рим дербисида “Лацио”га қарши беллашувни ўтказиб юборди. Италия терма жамоасининг Шимолий Македония билан тўқнашувида ҳам иштирок эта олмади. Туркияга қарши ўртоқлик баҳсидаги ҳаракатлари терма жамоа бош мураббийи Роберто Манчинининг ғазабига сабаб бўлди.

Calciomercato.com сайти “Ювентус” ўтган ёзда Дзаньоло трансферига жиддий қизиққани лекин ҳозирда бу вариантдан воз кечишга тайёрлигини ёзмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Николо Рим клубида қолишга қарор қилган тақдирда ҳам янги шартнома бўйича йиллик маоши ҳозир олаётган 5 миллион евродан кам бўлади. Вазиятни ўнглаши учун ҳужумкор футболчи мавсумнинг қолган қисмини ўта юқори даражада ўтказиши талаб этилади.

Дзаньоло жорий мавсумда жами 38 та учрашувда майдонга тушиб, тўртта гол урди ва саккизта голли пас узатди.

"Рома" уни қиммат баҳолади

Шу ўринда, “Ювентус”нинг Николо Дзаньолодан юз ўгиришига сабаб бўлаётган яна бир омил ҳақида айтиш керак. Рим клуби хўжайинлари ҳужумкор футболчининг жароҳатларга мойиллигини инобатга олмасдан унга ўта қиммат нарх қўймоқда.

Римнинг IL Tempo нашри пойтахт клуби асосий юлдузларидан бирининг нархини дастлаб мўлжалланган 40-50 миллиондан 80 миллион еврогача кўтарганини маълум қилди. Николони трансфер қилмоқчи бўлган ҳар қандай клуб айнан шу суммани “Рома” ҳисобига ўтказиши талаб этилади.

“Бўрилар”нинг нафси Дзаньолонинг бозорини “ўлдиради”. Бугунги кунда Европанинг бирор клуби Николо учун бу қадар катта суммани тўламайди.

010324_m

Агент Веретудан юз ўгирди

Таниқли футбол агенти Марио Жуффреди “Рома” ярим ҳимоячиси Жордан Верету билан ҳамкорликни тўхтатди, деб хабар бермоқда Calciomercato.it сайти.

- Аслида Жордан билан ҳамкорликни бир неча ой аввал тўхтатганман. Қандайдир изоҳ беришга мажбур эмасман. Айрим масалаларга ойдинлик киритиб олиш керак. Мен ҳар доим ўйинчилар билан алоқани белгиланган қоидалар асосида қурганман ва ўйинчиларни бу тартиб ҳақида огоҳлантирганман. Мен билан ишлайдиганлар қоидаларга амал қилиши керак. Буни тан олмаганлар билан мен алоқани узаман,  - деди Марио Жуффреди.

Маълумки, яқинда Жордан Верету рафиқасининг ковид юқтирганини билиб туриб, унинг туғилган кунини кенг даврада нишонлаб берган. Унинг бу қилиғи футбол жамоатчилиги томонидан қаттиқ танқид қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо келаси мавсум бу ярим ҳимоячига ишонч билдирмаслигини аввалдан маълум қилган ва клуб мутасаддилари унга янги жамоа қидираётган эди.

1583573791_1

Жордан Веретуга Англия, Германия ва Франциянинг бир неча клубларидан жиддий қизиқиш бўлаётгани айтилганди.

29 ёшли футболчининг пойтахтликлар билан шартномаси яна икки йил давом этади. Жорий мавсумда 39 та учрашувда тўртта гол уриб, тўққизта голли пас узатган ярим ҳимоячининг трансфер суммаси 20 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Моуриньо ўйнатмаётган ҳужумчига Испания грандидан таклиф бор

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Хужакулов Хуршидбек
03/04/2022 11:29
Элдор қани
Baxil Alihuja
03/04/2022 15:40
Бу уйинчилардан Элдор умуман кам эмас! Элдорда Факат тажовузкорлик йук, холос!