“Рома”: Моуриньо ва Аллегрининг 9-дуэлида Шомуродов асосий қурол бўлади
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ихлосмандларининг Элдор Шомуродов ва “Рома”га мухлислик қилаётганини инобатга олиб, Рим клубига оид янгилик, хабар ва қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этади.
Шомуродов ўзини олмаган “Ювентус”ни гол билан жазолаши керак!
17 октябрь куни “Рома” саккизинчи турнинг марказий учрашувида “Ювентус” меҳмони бўлади. Муҳим баҳс олдидан “Рома”нинг энг катта муаммоси Тэмми Абрахамнинг жароҳати бўлиб турибди. Англия терма жамоасидан шикастланиб қайтган ҳужумчининг Туриндаги баҳсда қатнашиши ҳамон сўроқ остида.
“Рома” тиббиёт ходимлари айни пайтда англиялик форвардни тезроқ оёққа қўйиш бўйича иш олиб боряпти. Тэмми физиотерапия ва лазер муолажаларини оляпти. Бироқ, у ҳали жароҳатдан тўлиқ қутилгани йўқ. Қутилган тақдирда ҳам жамоанинг умумий машғулотларида қатнашмагани уни “Ювентус”га қарши учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушишини мавҳумлигича қолдирмоқда.
Хориж матбуотининг ёзишича, Жозе Моуриньо Туриндаги учрашувда Элдор Шомуродовни асосий таркибда ўйнатиши кутилмоқда.
Хусусан, Италия футболини кенг ёритаётган www.calciomercato.com сайти бу масалага алоҳида тўхталиб, “Ювентус” ҳам ўзбек ҳужумчисига харидор бўлгани ва Элдорнинг ўзи ҳам келажакда бу клубда ўйнашга қарши эмаслигига эътибор қаратди.
- Элдор бир пайтлар “Ювентус”га ўтишни орзу қилган, энди эса уларни гол билан жазолаши керак. Тэмми Абрахам тўпиғидаги жароҳат туфайли ўйинда иштирок этолмаслиги мумкин. Бу ҳолатда Шомуродов бошланғич таркибда тўп тепади. Ўзбек ҳужумчиси лигада ҳали гол ургани йўқ. Лекин ўйинлари яхши чиқяпти.
Шомуродов “Рома”да ўтишга дарров рози бўлганини айтган. Бироқ, ундан олдин у “Ювентус”га ўтишни ўйлаётган эди. Элдор Турин клубида ўйнаш олдинга ташланган қадам бўлишини тан олганди. Туринликлар ҳаракатга келгунича, “Рома” масалани тез ҳал қилди ва уларни доғда қолдирди. Шомуродов Рим клубида Борха Майорални рақобатдан сиқиб чиқарди ва марказий ҳужумдан ўзига жой очди, - деб ёзмоқда www.calciomercato.com.
Моуриньо бу гал ҳам зўрлигини кўрсата оладими?
Яна бир эътиборга молик масала – Туриндаги тўқнашув икки бош мураббий – Массимилиано Аллегри ва Жозе Моуриньо учун тўққизинчи дуэл бўлади. Улар турли жамоаларни бошқарган даврда А Серия ва Европа Чемпионлар лигаси доирасида ўзаро саккиз маротаба тўқнаш келган.
Буни қарангки, ўзаро рақобатда катта устунлик португалиялик мутахассис томонида. У ўзаро учрашувларда италиялик ҳамкасбини тўрт марта доғда қолдирган. Яна иккита баҳсда кучлар тенг келган бўлса, бир жуфт ўйинда Аллегри шогирдлари муваффақиятга эришган.
Саккизта учрашувда Жозе Моуриньо “Интер”, “Реал” ва “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи сифатида иштирок этган. Аллегри эса унга қарши “Калгари”, “Милан” ва “Ювентус” футболчиларини тайёрлаган.
Жорий мавсумда “Рома” кучли тўртликдан ўрин олиш учун ҳаракат қилмоқда. Римликлар УЕФА Чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этадиган жамоа қурмоқда. Бундан ташқари, Жозе Моуриньо Конференциялар лигасида ғолиб чиқиш вазифасини олган. “Бўрилар” яна бир соврин – Италия кубоги учун ҳам ҳаракат қилади.
Массимилиано Аллегри ҳам А Сериядаги гегемонлигини бой берган “Ювентус”ни янгилаш учун олиб келинди. Машҳур мураббий таркибни яшартириши, А Серия ва Чемпионлар лигасида бош совринни қўлга кирита оладиган жамоа тузиши талаб этилади.
“Ювентус” – “ Рома” учрашуви 17 октябрь куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.
Фикрлар