“Рома” раҳбарияти Шомуродов ҳақида муҳим гап айтди!
“Рома”нинг трансферлари, Жозе Моуриньо майдонга тушираётган таркиб ва ўйинда қўллаётган тактик схемалар кўп саволларни келтириб чиқармоқда. Мавсум бошида Рим клуби футболчилари намойиш қилган ғалабали сериядан сўнг мухлису мутахассислар Жозе Моуриньо қудратли жамоа қура бошлаганини алоҳида тилга олишди.
Бироқ, кейинчалик “Рома”нинг ички чемпионатда ҳам, Конференциялар лигасида ҳам ўзидан заиф жамоаларга имкониятни бой бераётгани мутахассисларда тушунмовчиликлар, ишқибозларда эса норозиликлар пайдо қиляпти.
Бир қарашда, Жозе Моуриньо амалга оширган трансферлар бесамардек кўринмоқда. “Челси”дан келиб, катта юлдуз сифатида қабул қилинган Тэмми Абрахам ва “Женоа”дан олинган Элдор Шомуродовга ҳам шубҳа билан қарайдиган кўзлар йўқ эмас.
Моуриньо талабига биноан бу икки ҳужумчи трансферини амалга оширган “Рома” спорт директори Тьяго Пинто бу борада клуб раҳбарияти позициясини маълум қилди.
- Ҳужумчилар олами ўзига хослиги билан ажралиб туради, шу жиҳатдан қизиқ ва аҳамиятлидир. Марказий ҳужумчилар янги жамоадаги биринчи мавсумда мунтазам гол ура олмаслиги одатий ҳол ҳисобланади. Биз бунақасини кўп кўрганмиз. Хусусан, жаҳон даражасидаги юлдузлардан Дуван Сапата, Виктор Осимхен, ҳатто Эдин Жеко ҳам бу босқичдан ўтган.
Биз Элдор Шомуродовдан мамнунмиз. Тэмми Абрахам борасида ҳам шу гап. Биз улардан хавотирга тушаётганимиз йўқ ва тез орада ҳамма “Рома” икки нафар зўр марказий ҳужумчига эга эканини тушиниб етади, - деди Тьяго Пинто.
Таъкидлаш лозимки, “Венеция” ва “Рома” ўртасидаги учрашувда Шомуродов ва Абрахам тандеми иккита гол уришда бевосита иштирок этишдан ташқари, жамоадошларига яна бир неча қулай вазиятларни яратиб берди.
Элдор гол урганидан кейин рақобатчиси Римдан кетишга қарор қилди
Моуриньо “Венеция”га қарши учрашув арафасида қуруқ серияга барҳам бера олмаётган ва кейинги пайтда самарасий ўйнаётган Элдор Шомуродов ўрнига энди “Реал”дан ижарага олинган Борха Майоралга ишонч билдириши ҳақида гапирганди.
Лекин “Венеция” билан ўйинда Шомуродов нималарга қодирлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Энди Рим клуби раҳбарияти Борха Майоралнинг кетишига рухсат берадиган бўлди. Испан ҳужумчиси “Реал”га қайтиб, январда “Фиорентина” сафига қўшилмоқчи.
Борха Майораль ҳам мунтазам майдонда ўйнашга лойиқ ўйинчи. У етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун “Рома”дан кетмоқчи. Клуб эса, энди бунга қаршилик қилмайди.
“Манчестер Юнайтед” курашдан чиқди
“Интер”, “Рома” ва “Манчестер Юнайтед” анчадан бери Аргентинанинг “Велес Сарсфилд” жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Тьяго Альмадани кузатиб келаётган эди.
Маълумотларга қараганда, манчестерликлар 20 ёшли футболчи трансферидан воз кечган ва эътиборини бошқа ўйинларга қаратадиган бўлди.
Альмада Аргентина юқори лигасидаги дебютини 2018 йилнинг августида “Ньюэллс Олд Бойз” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда нишонлаган. Шундан бери ёш футболчи чемпионатда 38 та ўйин ўтказиб, еттита гол уришга эришди.
“Рома” етакчилари терма жамоага жалб қилинмайди
Европа футболида миллий терма жамоалар ўйини учун қисқа танаффус эълон қилинди. Италия терма жамоаси аъзоси ҳисобланган “Рома” вакилларидан икки нафари – Лоренцо Пеллегрини ва Николо Дзаньоло бу галги йиғинлардан четда қолиши мумкин.
Маълумотларга қараганда, ҳар икки футболчининг мушакларида оғриқ бор. Терма мураббийи Роберто Манчини тиббиёт ходимларининг хулосасини кутмоқда. Агар жароҳат ва толиқиш борлиги аниқланса, “Рома” футболчилари ўрнига бошқа номзодлар чақиртирилади.
Фикрлар