Роналду айбини бўйнига олди. Тен Хаг эса "қовун туширди"
"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Криштиану Роналду Англия футбол ассоциацияси (FA)нинг аутизм билан касалланган боланинг телефони синдиргани билан боғлиқ ҳодисада номақбул хатти-ҳаракат қилгани ҳақидаги даъволарига рози бўлди.
Аввалроқ, 12 октябрь куни “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Эрик тен Хаг матбуот анжуманида Роналду FA айбловларини қабул қилмаслигини айтганди.
Нидерландиялик мутахассиснинг инглиз тилини билиш даражаси мукаммалликдан йироқ, шу боис “Юнайтед” раҳбарияти мураббийнинг гапларига тезда ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Афтидан, у Роналду узоқ муддатли дисквалификацияга рози бўлмаслигини айтмоқчи бўлган.
Апрел ойида "Манчестер Юнайтед" "Гудисон Парк"да "Эвертон"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг, Роналду аутизм билан касалланган 14 ёшли боланинг қўлидан телефонни уриб, синдириб юборди. Ҳужумчи воқеа юзасидан полиция томонидан огоҳлантирилган ва ўсмирдан кечирим сўраган.
Сентябрь ойида FA Роналдуни тажовузкор хатти-ҳаракатлари сабаб E3 қоидасини бузганликда айблади.
Фикрлар