
Роналду “даҳшатли” рекордни янгилади ва бунга зўр изоҳ берди
Португалия терма жамоаси ва “Ан-наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду Саудия Арабистони чемпионатининг навбатдаги турида яна ўзини кўрсатди.
“Ан-Наср” футболчилари 27-турда “Ар-Риёд” жамоасини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. 40 ёшли португалиялик юлдуз иккита аниқ зарба билан жамоасига иродали ғалаба келтирди.
Киритилган тўплар Роналдунинг профессионал фаолиятидаги 932 ва 933-голлар бўлиб, янги рекорд сифатида қайд этилди. Жаҳон футболида бирор футболчи расмий учрашувларда Криштианучалик кўп гол урмаган.
Роналду голларидан 797 тасини клублар миқёсидаги мусобақаларда, 136 тасини Португалия терма жамоаси сафида халқаро учрашувларда киритган.
Машҳур тўпурар “Ан-Наср” билан амалдаги шартномасини яна икки йилга узайтираётганини инобатга олсак, у гол уриш бўйича минглик довонни забт этиши мумкинлиги ойдинлашади. Қолаверса, унинг ҳар бир киритган тўпи “даҳшатли” рекордини янгилайверади.
Навбатдаги голдан кейин Роналду ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида “Биз бу ишни мана шундай уддалаймиз!”, деб изоҳ қолдирди.
Фикрлар