Роналдудан кўпроқ гол урган тарихдаги 5 та футболчи

Хабарингиз бор португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду ўтган ҳафта ўзининг профессионал фаолиятидаги 700-голини урди. Таъкидлаш керакки, унга бу натижани қайд этиши учун 973 та ўйин керак бўлди.

У ўз голларининг 5 тасини “Спортинг” сафида, 118 тасини “Манчестер Юнайтед”да, 451 тасини “Реал”да 32 тасини “Ювентус”да киритган. Қолган 94 тасини эса Португалия терма жамоасида киритган.

Аммо, унинг тарихдаги энг яхши тўпурарлар бешлигига киришига ҳали бор. Қуйида футбол тарихидаги энг яхши тўпурарлар бешлиги билан таништириб ўтамиз.

5.Герд Мюллер (735 та гол)

Германиялик футболчи тарихдаги энг буюк ҳужумчилардан бири сифатида тилга олинади. У фаолиятининг 15 йилини “Бавария”да ўтказган. У мюнхенликлар сафида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. Ҳозирча унинг бу рекордини ҳеч ким такрорлай олмади.

У Германия терма жамоаси сафида 62 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасини 68 марта ишғол этган.

4.Ференц Пушкаш (746 та гол)

Футбол тарихида унутиб бўлмайдиган яна бир шахс. ФИФА Венгрия терма жамоаси ва “Реал” Мадрид клуби афсонаси шарафига атаб йилнинг энг чиройли голи мукофотини жорий этгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

3.Пеле (767та гол)

Пеле ортиқча мақтовга муҳтож эмас. У 1363 та ўйинда 1281 та гол уриб Гиннеснинг рекордлар китобига кирган. Бразилия терма жамоаси сафида 3 карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. У ўзининг профессионал футболчилик фаолияти давомида 831 та ўйинда 767 та гол уришга муваффақ бўлган.

Қайд этиш лозимки, Пеле 1970 йил Италия терма жамоаси дарвозасини ишғол этиб, Бразилия терма жамоасининг мундиаллардаги юбилей 100-голини урган.

2.Ромарио (772 та гол)

Бразилияликлар туғма тўпурар бўлишади. Буни Ромарио ҳам ўз вақтида исботлаган. У профессионал фаолияти давомида 994 та ўйинда иштирок этиб, рақиблари дарвозасини 772 марта ишғол этган.

Ромарио 1994 йил ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган.

Роналдо ўзининг кумири сифатида айнан Ромариони айтган. Йохан Кройф эса уни жарима майдони ичкарисидаги даҳо деб таърифлаган.

1.Йозеф Бицан (805 та гол)

Балким бу сиз биринчи ўринда кўришни кутган исм бўлмаслиги мумкин. Бироқ, статистика ҳаммасига аниқлик киритади.

Австриялик афсонавий тўпурар фаолияти давомида 1470 та гол урган деб айтилади. Аммо, улар орасида расмий учрашувларда киритилганлари 805 тани ташкил этади.

У фаолияти давомида “Рапид”, “Адмиру”, “Славия”, “Витковице”, “Спартак” ва “Динамо” Прага клубларида ўйнаган.

Эътиборлиси, Бицан фаолиятида 3 та терма жамоада тўп сурган - Австрия, Чехословакия ҳамда Богемия ва Моравия.