Роналдунинг «Реал»ни тарк этиши учун 5 та сабаб
Ads

Сўнгги кунларда Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг “Ювентус”га ўтиши борасидаги хабарлар “болалаб” кетди.

Балки, бу тўғридир. Зеро, Криштианунинг Мадридни тарк этиши учун сабаблар етарли. Ҳозир биз айнан ўшаларни кўриб чиқамиз.

ronaldu soliq

1. Испан солиқ идоралари билан муаммо

Ёдингизда бўлса ўтган йил ёзда испан солиқ идоралари португалиялик футболчини солиқларни тўлашдан бўйин товлашда айблашган эди. Унга 14,7 млн евро солиқ тўламаганлиги пеш қилинган эди. Футболчининг ўзи бу борада бир неча бор айбдор эмаслигини айтиб ўтган. Шундай бўлсада, “Реал” томонидан бунга ҳеч қандай реакция билдирилмаган. Унинг кетиши борасидаги хабарлар ўшандаёқ тарқалган эди. Испан ҳукумати Роналдудан 28 млн евро талаб қилмоқда ва суд мундиалдан кейин бўлиб ўтиши керак. Қайд этиш жоиз, ушбу сумма Роналдунинг “Реал”да оладиган 1 йиллик маошидан ҳам кўп.

2. Маош

Замонавий футболда футболчилар мисли кўрилмаган даражада катта маош олишлари сир эмас. 19 ёшли Килиан Мбаппе Парижда йилига 18 млн евро топади. Роналдунинг рақобатчиси Лионель Месси эса йилига 46 млн евролик маошга эга бўлган шартнома имзолаган. Неймар эса ПСЖдан йилига 36 млн евро олади.

Қаҳрамонимиз эса йилига 21 млн евро даромад қилади. Тўғри, Роналдунинг ёши юқорида айтилган футболчиларникига қараганда анча катта. Аммо ўша Месси билан ёш борасидаги фарқ атиги икки ёшни ташкил этади. Ҳа, 33 ёш футболчилик фаолиятининг “қулаш” жараёнининг бошланиши саналади. Бироқ 31 ёш ҳам футболчилик фаолиятининг энг “гуллаган” даврига кирмайди.

Бу борада барчаси тушунарли. Ҳеч бир инсон ўзининг азалий рақибидан кам маош олишни истамайди, албатта ва бу омил ҳам Роналдунинг “Реал”дан кетиши учун энг катта сабабдан биридир.

3. Янги чақирувлар

Роналду 2009 йил “Манчестер Юнайтед”дан “Реал”га кўчиб ўтганида шундай деган эди:

ronaldu mu

“ЕЧЛдаги муваффақиятдан кейин мен ўзимга янги мақсадлар излай бошладим. Манчестердаги 5 йиллик фаолиятим давомида мен қўлга киритишим мумкин бўлган барча жамоавий ва шахсий совринларни қўлга киритиб бўлдим. Икки бор АПЛда ғолиб чиқдим, ЕЧЛ ва яна бошқа турнирларда зафар қучдим. АПЛ тўпурарлиги, “Олтин бутса”ни ютдим. Шундай экан, менга янги марраларни забт этишим учун, янги чақирув керак эди. Агарда, менинг ўй-ҳаёлим пулда бўлганида Манчестерни тарк этмаган бўлар эдим”.

Роналдунинг “Реал”даги ҳозирги вазияти ҳам худди шундай. У қўлга киритиш мумкин бўлган барча нарсани ютиб бўлди. Фантастик натижалар қайд этиб, ўз номини клуб тарихига зарҳал ҳарфларда ёздириб қўйди. Кетма-кет учинчи бор ЕЧЛда ғолиб чиққандан кейин, яна қандай мотивация қолиши мумкин? Ёки сен клуб сафидаги 450-голингни урсанг-у, иккинчи ўриндаги футболчида 323 та гол бўлса?

Роналду янги чақирувларни яхши кўради ва “Ювентус” унга бу борада кўмаклашиши мумкин.

4. “Ювентус” Роналдуга 2002 йилда ҳам қизиққан

ronaldu vs juv1_1

Роналдунинг ўзи бир интервюсида 2003 йил “Спортинг”да ўйнаб юрган кезларида унга “Ювентус” қизиқиш билдирганлигини айтиб ўтган эди.

“Мен 17 ёшлигимда “Спортинг”да ўйнаган кезларим кўплаб клублар қизиқиш билдирган. Жорже Мендеш менга бу борада фойдали маслаҳатлар берган. “Ювентус” менга қизиқиш билдирган эсимда ва мен бундан жуда ҳам хурсанд бўлганман. Боиси, “Юве” катта клуб саналади.

Мен эса фаолиятимни Англияда давом эттиришга қарор қилдим. Менга шундай имкониятни яратиб берган Жорже Мендеш ҳамда Алекс Фергюсонга бу борада раҳмат айтаман”.

Италиялик агент Алессандро Мооджи ҳам 2003 йил Роналду билан “Ювентус” келишувга эришганлигини айтиб ўтган эди.

“Роналду “Спортинг”да эканлигида Жорже Мендеш мен билан боғланиб, Роналдуни Италияга трансфер қилишни сўраган эди. Ўшанда Криш 18 ёш эди. Улар А Серия футболчининг ўсиши учун энг яхши лига деб ҳисоблашган эди.

Мен “Парма” ва “Лацио”ни таклиф қилдим. Аммо улар қизиқиш билдирмади. Шундан сўнг уни “Ювентус” кўрди ва уни сотиб олишга қарор қилди. Томонлар музокара бошлашди. Икки соатдан кейин эса Роналдунинг МЮга ўтгани ма’лум бўлди.

Балки, Роналду “Ювентус”нинг ушбу қарорини эслаб, уни қадрламоқчидир. Яна ким билади дейсиз?

5. Роналдуни сотиб олиш учун рақобатчилар йўқлиги

ronaldu lose3

Бир вақтлар у жаҳоннинг энг қиммат футболчиси эди. Ҳозир эса у 33 ёшда ва ҳамма ҳам бундай ёшдаги футболчи учун 100 млн евро беришга қодир эмас.

ПСЖ Роналдунинг хизматларига кўп қизиқиш билдирди. Бироқ Франция чемпионати ва А Сериянинг мавқеи борасида катта фарқ бор. Молиявий фейр-плей жиҳатидан ҳам бунинг иложи йўқ. Фақатгина бунинг учун парижликлар Неймарни Роналдуга алмаштиришлари керак бўлади. Лекин бундан мантиқ йўқ.

Роналдунинг собиқ жамоаси “Манчестер Юнайтед” ҳам катта қизиқиш билдирмаяпти. Қолаверса, “қизил иблислар” устози Жозе Моурино ва Роналдунинг муносабатларини аъло даражада деб бўлмайди.

Кўпчилик қария футболчилар сингари АҚШ ёки Осиё мамлакатларига кеца ҳам бўлади-ку, аммо…

Шундай экан, Роналду учун энг маъқул вариант – “Ювентус”.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади