Россия чемпиони Миржалол Қосимов жамоаси рекордини янгилади!

Россиянинг кўп карра чемпиони “Зенит” Премьер-лиганинг 24-турида пойтахтнинг “Динамо” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Сергей Семак шогирдлари шу тариқа 24 та ўйинда тўплаган очколари сонини 58 тага етказди. Бу Россия футболи учун янги рекорд сифатида қайд этилди.

Бунгача энг яхши кўрсаткични “Алания” жамоаси кўрсатган эди. Владикавказликлар 1995 йили бош мураббий Валерий Газзаев қўл остида 24 та учрашувда 57 очко жамғарган ва охир-оқибат ўз тарихида илк маротаба чемпионликни нишонлаган эди.

294748_680

Ўшанда ўз тарихида ягона чемпионлигига сазовор бўлган “Алания” юқори дивизионда Москванинг “Спартак” жамоаси гегемонлигини синдирган биринчи клуб бўлганди. Чемпионлик мавсумининг қаҳрамонларидан бири ўзбек футболининг ёрқин юлдузи Миржалол Қосимов бўлган. Ҳамюртимиз ишончли ўйини, аниқ паслари ва голлари билан владикавказликларнинг олтин медалга эга чиқишига жуда катта ҳисса қўшган.

1995 йилги мавсумда Миржалол Қосимов “Алания” таркибида Россия чемпионатида 22 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини ўн маротаба ишғол қилган. Ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, жамоа тўпурарлари орасида иккинчи натижани қайд этган. Миржалолдан кўп ўйин ўтказган марказий ҳужумчи Михаил Кевалашвили ўз ҳисобига 12 та гол ёздириб қўйган эди.

Ўша йили Россия чемпионатида Миржалол Қосимовдан ташқари яна икки нафар футболчимиз рус клублари шарафини ҳимоя қилган. Жумладан, ярим ҳимоячи Игорь Волков Москванинг “Торпедо” жамоаси сафида 22 та учрашувда қатнашиб, икки марта гол уришни уддалаган.

Ҳимоячи Алексей Рязанцев эса, Самаранинг “Крилья Советов” жамоаси асосий таркибида 23 марта майдонга тушган. Бу футболчи 1998 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида еттита ўйин ўтказган.

Миржалол Қосимов Россиядаги барча совринларини айнан “Алания” жамоаси ўйинчиси сифатида қўлга киритган. Легионеримиз 1992  ва 1996 йиллари чемпионатни иккинчи ўринда якунлаб, кумуш медалга сазовор бўлган.

Ўзбек футболида ёрқин из қолдирган Миржалол Қосимов УЕФА халқаро турнирларида гол урган биринчи ўзбек футболчиси ҳисобланади. Моҳир плеймейкер 1995 йилнинг 12 сентябрь куни УЕФА кубоги доирасида ўтказилган учрашувда машҳур “Ливерпуль” дарвозасини ишғол қилган эди.   

volga (2)

Таъкидлаш жоизки, “Алания” доим ўзбекистон футболчиларнинг маҳоратини юқори баҳолаб келган. Бу жамоада  Миржалол Қосимовдан ташқари турли йилларда Геннадий Денисов, Андрей Фёдоров, Игорь Шквирин, Бахтиёр Ашурматов, Павел Бугало, Марат Бикмаев, Даврон Файзиев, Санжар Турсунов каби футболчиларимиз тўп тепган.

Бугунги кунда Россия биринчи лигасида ўйнаётган ва юқори дивизионга қайтиш учун курашни давом эттираётган “Алания”да Ҳусайн Норчаев ўйнамоқда.  

Легионеримиз супергол урди ва жамоаси тўпурарига айланди!

Бу мамлакатда 20 нафар ўзбек легионери тўп тепмоқда

Ўзбекистон тўпурарлари нечанчи ўринда?

Келишилган ўйинлар балоси: Легионерларимиз жамоаси Еврокубокдан четлатилиши кутилмоқда!

Шомуродов ҳаммасини ўзгартириб юбориши керак эди...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!