Россияда ишлаётган ўзбекистонлик ММА турнирида ажойиб ғалабага эришди

  • 2 ноябрь, 2020, 12:45
  • 0
  • MMA

Куни кеча, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида "М-1 Global" турнири ўтказилди. Унда ўзбекистонлик Фурқат Каримов 70 кг вазн тоифасида навбатдаги жангини ўтказиб, биринчи раунднинг ўзидаёқ рақибини таслим этди. Унга тожикистонлик Амирхон Холназаров рақиблик қилган эди. Биз ушбу жангчимиз билан боғланиб, фаолиятига оид бир нечта савол билан мурожаат қилдик.

- Аввало, ғалаба муборак бўлсин!

- Раҳмат.

- М-1 промоушенидаги илк жангингизмиди?

- Иккинчиси бўлди. Биринчисида ҳам очколар ҳисобида ғалаба қозонгандим.

- Маълумотларга қараганда, Россияга ишлаш учун борган экансиз?

- Ҳа, ҳозир ҳам ишлайман.

- Унда қандай Россиянинг кўзга кўринган промоушенининг эътиборига туша олдингиз ёки ўша ерда ташкил қилинадиган кўча жангларида ҳам иштирок этганмидингиз?

- Ундай жангларда эмаску, ҳаваскорлар ўртасидаги турнирларда жанг қилиб, ҳаракатларимиз ёққан шекилли, ушбу промоушенда жанг беришди.

- Ҳар ҳолда, бу борада сизга яқиндан кўмак берганлар ҳам бордир?

- Албатта, Нажмиддин Хўжаевнинг меҳнати ва ёрдами орқали барчаси амалга ошди. Қолаверса, ўзи ҳам жуда кучли спортчи, ҳамюртимиз Максим Қўлдошевнинг қўл остида шуғулланиб, ушбу инсонларнинг эътибори туфайли, мана икки ғалабани қайд этдим.

- Ўзбекистоннинг қайси вилоятида таваллуд топгансиз ва неча ёшсиз?

- Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, Ойим шаҳарчасида туғилганман. 27 ёшдаман.

- Андижонлик эканлигингиз ва Максим Қўлдашев қўл остида шуғулланаётганлигингизни инобатга олсак, сиз Андижон вилоятидаги жуда кўплаб яккакурашчиларнинг устози Жаҳонгир Қорабоевнинг шогирди эканлигингизни тахмин қиляпман...

-Тўғри топдингиз. Устозим Жаҳонгир ака Қорабоев бўлади. Ушбу инсон қўл остида жанговар самбо сир-асрорларини ўрганганман. Унга қадар кикбоксинг билан шуғуллангандим.

- Иш ва спортчилик фаолиятини бир вақтда олиб боришнинг ўзи қийин эмасми?

- Инсон астойдил нимагадир интилса, барчасига улгуради ва қийинчиликларни енгиб ўтади. Кўплаб жаҳонга машҳур спортчилар ҳам шундай қийинчиликларни енгиб, юлдуз даражасига кўтарила олганку, барчасига шукр қиламиз ва ўз мақсадимиз сари олға борамиз.

- Келинг энди, 31 октябрь кунги жангингиз борасида суҳбат қурсак. Тожикистонлик рақибингизни жуда яхши ўрганганга ўхшайсиз, чунки у сизга умуман қаршилик қила олмади?

- Тўғриси, жангимга бир кун қолганда рақибим ўзгарди. Аввалгиси, шамоллаб қолганлиги туфайли, жангга кела олмади ва унинг ўрнини ушбу рақиб билан тўлдиришди. Амирхонни спорт баъзаси бокс экан. Демоқчиманки, умуман ўрганишга вақт бўлмади. Шукрки, барчаси яхши кўриниш олди.

- 70 кг вазн тоифаси сиз учун қулайми?

- Тўғриси, бир вазн пастга туширмоқчиман. 70 кг бироз гавда жиҳатидан қийинроқ бўлмоқда.

- Ушбу промоушенда фаолиятингизни давом эттирасизми?

- Насиб қилса, давом эттирамиз. Аслида, 14 ноябрга яна битта жанг беришган эди. Лекин буни қабул қилмадим. Сабаби, ишлаб бироз маблағ тўплаб олсам, Доғистонга ўқув-машғулот йиғинларига жўнатишмоқчи... Шундан кейин навбатдаги жангимни ўтказиш ниятидаман.

- Бу борада сизга омад тилаймиз!

- Раҳмат. Насиб қилса, ғалабаларимиз билан юртимиз байроғини сарбаланд қилиш ниятидамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!