Россиядаги легионеримиз ғалабага ҳисса қўшди

Россия Миллий футбол лигасида иштирок этаётган “Томь”ни кучайтириш учун ушбу жамоа таркибига қўшилган тажрибали ҳимоячимиз Виталий Денисов жамоадошлари билан илк ғалабасини нишонлади.

Александр Кержаков бошқараётган томскликлар бу гал ўз уйида “Акрон” жамоасини қабул қилди.

Учрашувда ҳисобни очиш меҳмонларга насиб қилган бўлса-да, сибирликлар иродали ўйин намойиш этди. Артём Делькиннинг биринчи бўлимда 11 метрлик нуқтадан киритган голига, “Томь”нинг янги ҳужумчиси Денис Давидов иккита аниқ зарба билан жавоб қайтарди.

Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган учрашувда тўлиқ ўйнаган Виталий Денисов етакчилигидаги “Томь” ҳимоячилари қолган дақиқаларда рақибнинг барча ҳужумларини бартараф эта олди.

Ушбу ғалабадан кейин “Томь” очколари сонини тўққизтага етказиб, мусобақа жадвалида кўтарила бошлади. Ҳозирча, Денис жамоаси 19-поғонага чиқиб олди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!