Россиядан қайтган легионеримиз нега "офсайд"да?

Охирги пайтларда Суперлиганинг омадсиз клубларидан бирига айланиб қолган “Металлург” тобора пастга шўнғишда давом этяпти. Фақат биринчи даврада тўплаган очколари эвазига ҳали аутсайдерлар орасига тушиб қолгани йўқ. Аммо яқин турибди.

Агар таркиб керакли даражада шаклланган эмас дейилса, у ҳолда футболчиларнинг номларига қаранг. Яхши савиядаги ўйинчилар жамланган, тўғрими? Лекин жамоадаги барча ўйинчилардан фойдаланиляптими, деган савол ҳам бор.

Ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда “Металлург” ҳам айрим ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олди. Уларнинг орасида Россияда ўйнаб келган легионеримиз Бобур Давлатов ҳам бор эди. Иқтидорли ўйинчи, бир неча мавсум биринчи дивизионда “Нефтехимик” клубида фаолият олиб борди. Футболчи Sports.uz мухбирига аввало у ердан нима сабабдан кетганини маълум қилди.

- Нима десам бўлади, мен “Нефтехимик”да унчалик ўйнаганим ҳам йўқ. Иккита беллашувда қатнашдим, унда ҳам майдонда тўлиқ тўп сурмадим. Айниқса, иккинчи даврада Новиков бош мураббий бўлиб келганидан кейин имконият бермади. У ерда легионер бўлиб ўйнамай юрганимдан кўра, Ўзбекистонга қайтганим мен учун маъқул эди. Шундай қилиб, яна юртимизга қайтишга қарор қилдим.

бобур1

Давлатов Ўзбекистонга қайтгач, фаолиятини қайси клубда давом эттириши кўпчиликни қизиқтиргани рост. Унинг “Металлург”ни танлагани бежиз эмас. Чунки дадаси Баҳодир Давлатов ҳам ушбу клубда меҳнат қиляпти. Бу эса Бобурнинг мазкур жамоага ўтишида асосий сабаблардан бирими? Футболчи шундай деди:

- Россиядан келганимдан кейин биринчи бўлиб “Металлург” клуби мен билан алоқага чиқди. Уларга ваъда бергандим ва уйимга ҳам яқин эди. Қолаверса, дадамни ҳам ушбу клубда ишлаётгани бу ерга ўтишимнинг сабабларидан бири бўлди деса ҳам бўлади. Рости, Бекобод уйимга яқин бўлгани учун ҳам “Металлург”ни танладим.

Россиядаги легионеримизнинг “Металлург”га ўтгани яхши-ю, бироқ янги клубида ҳали Суперлига доирасидаги ўйинларда майдонга тушмаётганига нима дейсиз?! У Россиядан келиб "офсайд"га тушиб қолгандек. Адашмасак, Бобур фақат “Бунёдкор” билан ўйинда захира ўриндиғида ўтирди, қолган ўйинларда у ҳатто 18 талик рўйхатда ҳам йўқ! Бу ҳолатга футболчининг муносабатини эшитинг:

бобур

- Тўғри айтяпсиз, “Бунёдкор”га қарши учрашувда захирада эдим. Ҳозирча фақат Ўзбекистон Кубогида “Насаф”га қарши 60-65 дақиқа ўйнадим. Чемпионатда ҳали майдонга тушганим йўқ. Ўзим ҳам “Металлург”даги дебютимни кутяпман. Нимага ўйнамаётганимни билмайман. Буни бош мураббий билади. Натижага у жавобгар. Бизнинг вазифамиз машғулотда ишлаш ва кутиш. Агар майдонга туширса қўлимиздан келганича ўйнаймиз, қўймаса нима ҳам қила оламиз?!

Унинг гапида жон бор, ахир натижага бош мураббий жавоб беради-да. Шунга қараб у ўзи истаган ўйинчиларни майдонга туширади. Қизиқ, футболчи билан мураббий ўртасидан “қора мушук” ўтдими? Ёки Бобур Давлатовнинг жароҳати борми?

- Жасур ака Абдураимов билан муносабатимизга келсак, ҳаммаси ишчи руҳида. Худога шукр, жароҳатим йўқ, соппа-соғман. Ҳаммасини бош мураббий ҳал қилади, ким тайёр бўлса, ўшаларни ўйнатади. Яна такрорлайман: натижага у жавоб беради. Жамоадаги муҳит яхши. Футболчилар билан ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашяпмиз. Ҳаракат қиляпмиз-у, аммо натижа бўлмаяпти, - деди футболчи.

Шу билан бирга жамоанинг янги аъзосидан аслида “Металлург”нинг тинмай ютқазаётгани ҳақида ҳам сўрадик. Шу билан бирга таркибда рақобат қай даражада эканлиги билан ҳам қизиқиб кўрдик.

бобур3

- Жамоамизда камчиликлар йўқ. Нимага ютқазаётганимизга ўзим ҳам ҳайронман. Йигитлар ҳаракат қиляпти, аммо натижа ўхшамаяпти. Битта ютиб олсак, ишларимиз ҳам юришиб кетса керак, деб ўйлайман. Навбатдаги ўйинни “Пахтакор”га қарши ўтказамиз.

“Металлург”да рақобат бор, йўқ эмас. Ҳар бир футболчи ўз кучига ишонади, шулар қатори мен ҳам кучимга тўлиқ ишонаман. Майдонга туширса ўйнайман, кучим етади, ёрдам бера оламан. Барчасини бош мураббий ҳал қилади. Балки қайсидир жиҳатим уни қониқтирмаётгандир. Бу вазиятга профессионалларча ёндашаман. Хафа бўлмайман, ўз устимда ишлашда давом этаман.

Таркибимиз яхши. Аслида биз юқори ўринлардан бирида бўлишимиз керак. Балки бизга омад ҳам етишмаётгандир. Олдимизда 10 та тур бор. Боя айтдим, битта ютиб олсак, ғалабали ўйинларни давом эттирамиз. “Металлург” жамоасига келиб адашдим деб ўйламайман, - деб фикр билдирди, Бобур Давлатов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
05/09/2021 11:35
Bobur uka oldin ham uyining qochib qolganiga Nasaf kelib yana usishka erishuvding. tinchgena yana Nasafka kelmaysanmi. uzi fudbolchi ish faoliyati qisqa shunday ekan. nima qilasan umringni utkazib. tinchgena Nasaf kel. buldida.
Davron Jenjayev
05/09/2021 17:29
Nasafda boburni uyinini kurish uchun birardim avval