Рўзиқул Бердиев Игорь Сергеев нима учун терма жамоага чақирилмаганига изоҳ берди

Бугун пойтахтимиздаги “Miran” меҳмонхонасида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасини вақтинча бажарувчи Рўзиқул Бердиев билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

- 14 ноябрда бўладиган баҳсга бугундан тайёргарликни бошладик. Футболчиларнинг барчаси терма жамоа ихтиёрига етиб келди. Чақирилган ўйинчилар ҳақида биласизлар. Асосан ёшларга эътибор қаратдик.

Игорь Сергеевнинг маҳоратига шубҳа йўқ. У озгина пауза қилиб турса яхши. Чунки у охирги пайтларда босим остида қолиб кетганди. Бу нарса унга катта ёрдам беради деб ўйлайман. 

Насафдаги мураббийларни терма жамоа мураббийлар штабига жалб қилдим. Чунки улар билан 5 йилдан бери ишлаб келмоқдаман. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Мен учун натижа ва таркибни шакллантириш муҳим ҳисобланади. Биз бу таркиб билан келажакни ўйламоқдамиз.

Легионер ёки маҳаллийми фарқи йўқ. Асосийси садоқатли мураббий бўлгани яхши. Лекин хориждан мураббий бўлгани маъқул. Чунки ўзимизнинг мутхассислар ўзларини синаб кўришди. Лекин... Агар менга терма жамоа бош мураббийлиги таклиф қилинса ёрдам беришга тайёрман.

"Насаф"га 3 кунлик танаффус берилган. Қолган футболчилар билан бошқа ёрдамчиларим машғулот ўтказишади.

Бугун "Пахтакор" стадионидаги машғулотимиз очиқ ҳисобланади. Эртадан ёпиқ тарзда ўтади. Чунки БААга қарши ўйинга тактикаларни синаб кўрамиз. Албатта, мазкур баҳсда ғалаба қозонишни истаймиз. Уларнинг охирги ўйинларини ўрганиб чиқдик. Рақиб ҳам таркибни ўзгартириб юборган. Уларда ҳам янги мураббий, - дейди Бердиев.  

Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 10-11 ноябрь кунлари Тошкентда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади. 12 ноябрь куни эса миллий терма жамоа аъзолари БАА терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш учун жўнаб кетишади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда БАА миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин 14 ноябрь куни Ал-Айн шаҳридаги “Халифа Бин Зайд” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!