Рўзиқул Бердиев: Жамоамиз ҳозир чемпионлик учун курашадиган аҳволда эмас
Ads

Мавсумни учта фронтда бошлаган «Насаф» клуби бунгача Ўзбекистон Лига Кубоги мусобақасидан чиқиб кетди. Ўзбекистон Кубогида эса ярим финалга чиқди. Ички чемпионатда бўлса, қаршиликларнинг иштирокини у қадар ёмон деб бўлмайди. Таркибини бутунлай маҳаллий тарбияланувчилари ташкил қилаётган бу жамоанинг кўрсатаётган ўйини ҳали ҳамон мухлис ва мутахассисларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Жамоани шу ҳолатда ҳам ўз даражасида ушлаб туришга ҳаракат қилиб келаётган бош мураббий Рўзиқул Бердиев янги истеъдод эгаларини кашф қилишда давом этмоқда. Аммо уларни олдинда жиддий баҳслар кутмоқда. Юқорида айтганимиздек, Ўзбекистон Кубогининг ярим финалига чиқишди ва бу босқичда уларни «Пахтакор»га қарши оғир беллашув кутиб турибди.

- Шахсан ўзим қуръа ташлаш жараёнини кузатганим йўқ. Албатта, ярим финалдаги учала жамоа ҳам «Пахтакор»дан «қочишга» ҳаракат қилганди-ю, аммо биз тушиб қолдик, - дея гап бошлади, «Насаф» бош мураббийи. - Лекин бу қуръа. Аммо шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, бундан олдинги чорак финал ўйинини ҳам меҳмонда Наманганда ўтказдик. Айтишим мумкинки, «Навбаҳор»га қарши жуда қийин учрашувда ўйнагандик. Энди эса «Пахтакор»га қарши яна меҳмонда ўйнашимизга тўғри келади. Ўзи бундоқ олиб қараганда, Кубокда кўп ўйинларимизни асосан сафарда ўтказишимизга тўғри келяпти. Бу ҳам барибир ўша қуръа билан боғлиқ ҳолат-да, бу борада бирор нима деб ҳам бўлмайди. Тан олиш керак, «Пахтакор» ҳозирги кунда энг кучли жамоа. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам биз рақибга осонлик билан ютқазиб қўйишни хоҳламаймиз. Бу рақибга қарши кучимиз етганича, имконият даражасида ҳаракат қиламиз. Биласизми, агарда ёш жамоамиз Кубок финалида ўйнаса жуда яхши иш бўларди. Йигитларимизнинг тажрибаси ҳам ошган бўларди. Чунки мен буни бежизга айтаётганим йўқ. Боиси, жамоамизнинг ҳозирги кўрсатаётган ўйини финалга лойиқ деб бемалол айта оламан. Шу сабабли қилаётган меҳнатларимизнинг самарасини кўриш учун жамоамизнинг финалга чиқишини жуда-жуда истайман. Албатта, қуръа биз учун кучли рақибни танлаб берди. Шунга қарамасдан, боя таъкидлаб ўтганимдек, биз охиригача курашамиз. Мақсадимиз ўша ўйинда ижобий натижага эришиш. Ўйин ғолиби битта ўйиндан иборат ва буни чуқур ҳис қилган ҳолда учрашувга ҳар томонлама яхши тайёрлана олсак, ўзимиз кўзлаган натижага эриша оламиз.

Рўзиқул бердиев

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Кубогининг ярим финал баҳслари ҳам битта ўйиндан иборат бўлади. Бунда эса қайсидир маънода меҳмон жамоанинг имкониятлари нисбатан пасайиб, ўз-ўзидан мезбон жамоанинг устунлиги ўйиндан олдин сезилиши мумкин. Бу ҳақида Рўзиқул Бердиевнинг муносабатини эшитамиз.

- Олдин бундай бўлмасди, ўйинлар асосан иккита ўйиндан, уй ва сафар тизимидан иборат бўларди. Балки бу йил Лига Кубоги мусобақаси ҳам қўшилгани учун Ўзбекистон Кубоги баҳслари битта ўйиндан иборат бўлаётгандир. Лекин мен учун бундай жуфтликларнинг ўзаро ўйинлари иккита учрашувдан иборат бўлгани яхшироқ эди. Бу ярим финал баҳси бўлгани учун ҳам бундай пайтда иккала жамоанинг имкониятлари бир хил бўлиши керак. Аммо ўйиннинг фақат битта беллашувдан иборатлиги, албатта майдон эгаларига устунликни тақдим этмасдан қолмайди. Ахир у ўз майдонида ва мухлислари қаршисида ўйнайди. Шундай экан, ўйлашимча, ўз майдонида ўйнайдиган жамоанинг имконияти ўз-ўзидан кўпроқ бўлиб қоляпти. Агар қарама-қаршиликлар иккита ўйиндан ташкил этилганида жамоаларнинг имкониятлари тенглашган бўларди. Тўғри, йилнинг бошида бу формат тузилганди. Лекин кейинги йилдан бошқача формат бўлса керак. Чунки Ўзбекистон Кубоги ҳам бизнинг энг катта даражадаги мусобақаларимиздан бири ҳисобланади. Бундай ҳолатда эса унда иштирок этаётган жамоалар ҳам бир хил имкониятга эга бўлишлари лозим. Юқорида айтдим, биз бундан аввал ҳам Наманганда битта ўйиндан иборат бўлган беллашувда ўйнагандик. Ўшанда ҳам ғалабага осонликча эришмагандик. Биз ҳам ўз майдонимизда кўпроқ ўйнашни хоҳлаймиз. Чунки мухлисларимиз ҳам бундай муҳим ўйинларни ўз стадионида кўришни исташади. Бу ярим финал экан, ҳаммаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис мен иккита ўйиннинг тарафдориман.

Ёдингизда бўлса, чемпионат доирасидаги дастлабки турларда «Насаф»  айнан Тошкентда «Пахтакор»га қарши учрашувда муносиб иштирок этганди. Гарчи ўшанда Бердиев жамоаси 1:2 ҳисобида ютқазганига қарамай, «Насаф» томонидан намойиш этилган ўйин ҳаммага бирдек манзур бўлганди. Бироқ ўша пайтда ҳакамлар асосий мавзуга айланиб қолишганди ва кўпчилик «Насаф»нинг мағлубиятида беллашувни бошқариб борган ҳакамларни сабабчи қилиб кўрсатишгани ёдимизда. Бу сафар ҳам шунга ўхшаш вазият такрорланиши Рўзиқул Саъдуллаевични чўчиматяптими? Бу масала бўйича мураббийнинг жавоби шундай бўлди:

рўзиқул бердиев5

- Биз доим ҳалоллик тарафдоримиз. Тўғри, ҳакамлар ҳам хато қилишади. Лекин улар бу хатоларни атайлаб қилишадими ёки билмасданми, билмадим. Аммо умид қиламанки, бундай ярим финал баҳсларида хатоларга йўл қўйилмайди. Ҳакамлар томонидан йўл қўйиладиган хатоликлар эса асосан мухлисларни футболдан қочиради холос. Балки қайсидир жамоага чемпионлик керак эмасдир. Аммо бошқа бир клуб чемпионга эришса-ю, лекин бунда ҳакамларинг хатолари кузатилса, у ҳолда ишқибозларнинг футболга бўлган иштиёқини сўндиради. Чунки айни пайтдаги асосий мақсадлардан бири шу бўляптики, ишқибозларни яна футболга қайтариш муҳим масалага айланган. Футбол эса фақат ҳалолликни талаб қилади. Ишонаманки, энди биз кейинги учрашувларда ҳакамларни деб жабр чекмаймиз.

“Насаф» клуби миллий чемпионатда ҳозирги кунда 6-ўринда боряпти. Ўзбекистон Кубогида эса финалга чиқиш учун бир қадам қолди. «Пахтакор»да эса соврин ютиш учун учала фронтда ҳам бирдек фаол кураш олиб боряпти. Бу борада эса «Насаф»да фақат битта йўл қолган. У ҳам бўлса, Ўзбекистон Кубоги орқали соврин ютиш. Бундай вазиятда гўёки «Пахтакор»га нисбатан «Насаф»нинг ғалаба қозониши шартдек туюлмоқда. Бу эса Рўзиқул Бердиев жамоасига ортиқча босимни келтириб чиқармайдими?

- Бизда ҳеч қанақа босим йўқ, - деб мавзуни давом эттирди, Бердиев. – Биласизлар, бу мавсумда жамоамиз олдига бирор-бир катта вазифа қўйилгани йўқ. Чунки ёдингизда бўлса, жамоамиз қийин аҳволда эди. Айтишим керакки, бизнинг ҳозирги натижаларимизни ҳам ҳеч ким кутмагандим. Шу сабабли бизда ҳеч қанақа босим йўқ. Биров бизга Кубокни олмадинг ёки чемпион бўлмадинг деб тазйиқ ўтказмайди. Шунчаки, биз футболчилар ва раҳбарият билан биргаликда янада яхшироқ ўйин кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо доимгидек биз медаллар ва Кубок учун ҳаракат қилишда давом этаверамиз. Бизда эса ҳали ҳам медаллар учун курашишга имкониятимиз бор. Аммо ўзимиз қатнашган мусобақаларда яхши натижа кўрсата олмаган тақдиримизда ҳам бу биз учун мавсумни ёмон ўтганини англатмайди. Негаки, ҳозирда жамоамиз ҳар томонлама чемпионлик учун курашадиган аҳволда эмас. Аммо ўзимизнинг олдимизга шахсий вазифаларимизни қўйганмиз ва шунга қараб ҳаракат қиляпмиз.

рўзиқул бердиев6

Қувонарли томони шундаки, «Насаф» тарбияланувчиларининг аксарият футболчилари миллий ва олимпия терма жамоаларида йиғинларда ва ўртоқлик учрашувларида иштирок этишди. Бу ҳолат шуни кўрсатяптики, «Насаф» клуби ҳали ҳамон терма жамоаларимиз учун муносиб кадрларни етказиб беришда давом этяпти. Аммо иккинчи томондан Рўзиқул Бердиев жамоасининг асосий негизи бўлган футболчиларисиз чемпионат баҳсларига қай тариқа тайёргарлик кўрмоқда экан? Бундай пайтда эса мураббийнинг режалари ҳам ўзгариб кетган бўлса ажаб эмас…

- Биз қолган футболчиларимиз билан режамиз асосида ишлаяпмиз. Масалан, «Динамо» жамоаси билан назорат учрашувини ҳам ўтказа олдик. Мана, бири-кетин олимпия ва миллий терма жамоамиздаги футболчиларимиз машғулотларимизга етиб келишди. Аммо бир нарсани алоҳида айтишим керакки, қилаётган ишимиз қанчалик қийинчилик туғдирмасин биз барибир терма жамоаларимиз учун муносиб ўйинчиларни етказиб беришимиз керак. Ахир бу бизнинг асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Албатта, етакчиларсиз шуғулланиш ҳам ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Масалан, терма жамоалардан қайтган футболчилар турлича ҳолатда бўлишлари мумкин. Лекин биз бундай вазиятга биринчи бор тушиб қолаётганимиз йўқ, кўп бор шундай ҳолат рўй бермоқда. Шунга қарамасдан, биз вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз.

Асосийси, «Насаф»дан етишиб чиққан истеъдод эгалари терма жамоаларда ҳам чинакам етакчиларга айланишяпти. Мисол учун олимпия жамоамиз куни кеча Эронга қарши назорат баҳсларини ўтказди. Иккинчи ўйинда вакилларимиз 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришишди. «Насаф» ҳужумчиси Бобур Абдуҳолиқов эса ўша баҳсда хет-трикка эришиб, ўзининг ажойиб ўйини билан мухлисларнинг эътиборини қозонди. Бироқ «Насаф» таркибида у жорий мавсумда сермаҳсул ўйин кўрсатяпти деб айта олмаймиз. Боиси, ҳозирга қадар ҳужумчи ўз клуби сафида фақат битта гол ура олди холос. Бу ҳолатни Рўзиқул Бердиев шундай изоҳлади:

- Ёдингизда бўлса, Бобур мавсумни жароҳати билан бошлашига тўғри келганди. Айниқса, тайёргарлик жараёнининг кўп қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Балки шунинг учун футболчига ўзини руҳий томондан тиклаш ҳам қайсидир маънода таъсир кўрсатгандир. Аммо у бизнинг жамоамизда ҳам ўз имконияти даражасида ўйнашга ҳаракат қиляпти. Лекин ҳужумчидан биринчи навбатда кўпроқ гол уриш талаб қилинади. Лекин Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида у Эронга қарши чиндан ҳам юқори даражада ўйин кўрсатди.

Айниқса, бу йил «Насаф»да яна бир ҳужумчи Ҳумонюн Муртазоев гол уриш борасида ўзининг сермаҳсуллигини кўрсатиб келмоқда. Натижада Бобур Абдуҳолиқов гўёки унинг фонида иккинчи рақамли ҳужумчига айланиб қолгандек ҳам тасаввур уйғотмоқда. Бундай мулоҳазага эса бош мураббийнинг жавоби шундай бўлди.

- Ҳумоюн Бобурдан биринчи рақамли ҳужумчи номини тортиб олди демаган бўлардим. Муртазоев кўпроқ ўйин ўтказяпти ва у ҳужумларни якунлаяпти. Аммо Абдуҳолиқовда ҳам ҳозирги вазиятга келиб ҳолати яхшиланиб боряпти. Масалан, «Насаф»нинг охирги ўйинларида ҳам у тўлиқ майдонда ҳаракат қиляпти. Олимпия терма жамоаси сафида учта гол урди дея унинг имкониятларини юқори баҳоламай турайлик ва осмонга чиқариб қўймайлик. Бу фақат ўртоқлик учрашуви саналади. Аммо Бобур биринчи ўйинга нисбатан иккинчисида яхшироқ ўйнади. Балки бундай ишончли ўйин навбатдаги учрашувларда ижобий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Баъзи футболчилар борки, улар битта ўйинда учтадан гол уришмайди, аммо учта учрашувда биттадан гол уриб ўйин тақдирини ҳал қила оладилар. Бу нарса ҳам жуда муҳим саналади.

ўзиқул Бердиев

Биринчи даврадан кейин «Насаф» устози таркибга легионер ўйинчиларни қўшиш орқали таркибни янада кучайтириш режаси борлигини маълум қилганди. Бироқ кўриб турибмизки, иккинчи даврада ҳам таркибда ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.

- Легионер олмоқчи бўлсак ҳам уни жуда чуқур ўрганиб чиққанимиздан кейин таклиф қиламиз. Жамоамизга ҳар тарафдан ёрдам бера оладиган хорижлик футболчи керак. Лекин биз ўзимизга позиция бўйича маъқул келадиган легионерни топа олмадик. Айрим топган футболчиларимизнинг талаблари эса жуда юқори бўлди. Ҳозирги кунда уларнинг бундай катта талабларини бажаришга қодир эмасмиз. Бу биринчи томони эди, иккинчи тарафдан эса ўзимизнинг қора кўзларимиз ҳам яхши ўйин кўрсатишяпти. Уларга эса имконият беришимиз лозим. Барибир бир-иккита легионер олиб келганимиз билан чемпион бўлишимиз жуда қийин эди. Майли, ёшларимиз ўз устида ишлаб ўсиб боришяптими, улар ўйнаб шу даражага чиқишётган пайтда яна ўйин амалиётини тақдим қилишга қарор қилдик.

Миллий терма жамоамизнинг Фаластинга нурсиз ўйинда ютқазиб қўйганидан кейин мухлислар бош мураббий рулига ўзимизнинг мутахассислар номзодини илгари суришган ҳолда бу вазиятда Рўзиқул Бердиевнинг номи ҳам тилга олинаётганини эшитиб турибмиз…

- Бундан олдин терма жамоамизда маҳаллий мураббийларга ишониб кўришганди. Кейин эса кўпчиликнинг талаби хорижлик мураббийни олиб келиш бўлди. Мана, истаганимиздек чет эллик мутахассис олиб келинди. Энди унга охиригача имконият бериб кўрайлик. Ахир ҳали вазифа бажарилмай қолмагандир. Очиғи, бу ҳақида бирор-бир фикр билдира олмайман. Терма жамоада қайси мураббийни кўришни хоҳлаётганлари эса бу мухлисларнинг фикрлари. Мен эса фақат Ўзбекистон футболи учун қайғураман. Менга ким ишламасин, у Купер бўладими, Абрамовми ёки бошқасими, муҳими, футболимиз ютишини истайман. Мен учун биринчи навбатда футболимиз қизиқ. Албатта, миллий терма жамоамизнинг Фаластинга ютқазиб қўйгани ҳамманинг кайфиятини бузди. Тўғри, ютқазиш мумкин. Аммо футболда курашмасдан туриб мағлуб бўлиш – буни футболга ва мухлисларга бўлган ҳурматсизлик деб ўйлайман. Лекин жамоамиз барибир кучли ва улар вазиятни ўнглай олишади, - дея муносабат билдирди, «Насаф» устози.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
14/09/2019 05:39
Uzi kubik qura nahaq tashlanadi. kurdim qerga kurgansan. sharikcha tog raqam chup raqam degan gapni. loh ham tushunadiki. Pahtakorni sharikchasini sahal ogirroq qilib quyasan buldi ushlagan bilinadi. manga Pahtakor tushkani emas. Pahtakor har safar. uz maydoniga uynagani. qiziq. Keyin birinchi dafradaki uyinni shu jurnalistla ham kerak bulsa ochiq oydin tahlil qilib beri olmadi. sudiya bilan. uyinni hamma faziyatni tahlil qilmadi. MTJ uyinchi deyshibti. Ahir Nasaf butin uzbekistin buylap uyinchi etkazib berdiki. Nasafka ber kelib uynap ketkan uyinchi hohlagan kamandaga borsa bir bosh ustin uyin kursatadi. bu nimani anglatadi. Nasaf faqat Uzbek fudboli uchun hizmat qiladi halollik bor joyga muhlis ham buladi. nohaqli bor joyga chempion bulgan taqderga ham. muhlisi bulmaydi hech qayer fudboliga.
&
Dima Muratov
14/09/2019 21:11
Berdiev aytganidek agar Nasaf yoshlari finalda uynasa Uzbek futbolida juda katta uzgarish buladi.
Nimaga deganda yoshlar uz kuchiga ishona oladi va bir emas ikki pogona usishga erishadi.
Shu xolatni yuqoridagi mutasadilar Pahtani Nasafga tugrlamasdan oldin uylashi kerak edi .
Mayli lekin Nasafga mexmon bulganda edi titib tashardik Pahtani.
Nu lekin Toshkentda Nasaf 11 ta futbolchiga qarshi emas butun PFL ga qarshi uynaydi.
Bu aniq ...
Кахрамонжон Сафаров
14/09/2019 15:29
Хурматли Рузикул Бердиев Сиз хак йулдасиз ,Юртимиз учун килаётган халол мехнатларингизни халкимиз билади ,Ота-онангизга рахмат ,Сизни шогирдларингиз мехнатингизни ардоклаб узингиздек камтарона ажойиб уйинларни такдим этиб келмокда, мени ниятим Сиз бошчилигингизда Насаф жамоаси канчалик кийин булмасин олдиндаги суъний тусикларни енгиб утиб катта ютукларни кулга киритса , хали Узбек Футболи борлигига ишончимиз шунча усади. Пахтакор жамоасини факат Насаф ва Навбахор жамоалари халоллик билан каерда булмасин енгишига ишонаман ва сизларга бу бахсларда омад хамда улкан зафарлар тилаб коламан ,Пахтакор пул учун уйнайди Сизлар халк ,Узбек Футболи учун уйнаёт-ганларингизни бутун Узбек футбол мухлислари куриб турибди ва тугри бахолай олмокда хакамларга хам инсоф бериб халол уйинларни бошкарса уйинлар гулдек булади, яна бир бор Р.Бердиевга ОМАДдд.
Shaxboz Bekmurodov
14/09/2019 10:04
Ro‘ziqul B, nimaga 3 jamoham qochgandi biz tushub qoldik diysiz. Paxtakoram jamomi yutsa yutar hamma biladiku kim qanday ekanligini, paxtani yanchamiz deb turingqani. O‘yin Qarshida bo‘lgandami Paxtani 23 ming muhlis kutub turgandi.
Shaxboz Bekmurodov
13/09/2019 23:49
R Berdievni ham tushunish kerak, bir uzi Nasaf ga qo‘shib yugurdakchalar bo‘lmish paxtakor va lokamativ ga ham futbolchi yitqazib berish kerak

Минбар

Барча блоглар