Рўзиқул Бердиев: "Жамоамнинг ўйинидан кўнглим тўлмади"
“Пахтакор” – “Насаф” (0:0) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Бугунги ўйинни эпизодларга бўлсак бўлади. Умумий қилиб олсак, иккала жамоа ютқазишни хоҳламади, бизга шундай туюлди. Таваккал қилиб, позицион ҳужумларга кўп берилмади, жамоалар. Шунга қарамасдан иккала клуб ҳам вазиятлар яратди. Мухлислар кутган гол бўлмади. Тенг курашлар остида ўтди, десак бўлади. Аммо жамоамнинг бугунги ўйинидан унчалик кўнглим тўлмади. Нимага деганда, балки жамоа руҳий тарафдан қандайдир босим билан ҳаракат қилгандек бўлди ва бу ўз ўйинимизни кўрсатишга халақит қилди.
- Босим ҳақида гапирдингиз. Одатда, “Насаф”да мавсум бошида босим кузатилмасди. Балки бунинг сабаби жамоа олдига чемпионлик вазифаси қўйилгани билан боғлиқдир...
- Йўқ, бу чемпионлик билан боғлиқ эмас. Биз бошида йигитлар билан гаплашганмиз. Албатта, чемпионлик вазифаси қўйилгани яхши. Бу бизни ва футболчиларни хурсанд қиляпти. Шунақа пайтлар бўлганки, клуб олдига ҳеч қанақа мақсадлар қўйилмаган. Фақат яхши иштирок этиш тўғрисида гапириларди. Жамоамиз ва футболчиларга бўлган эътибордан хурсандмиз. Босимда ҳаракат қилганимиз бу йигитлар ғалабани кўпроқ хоҳлагани билан боғлиқ. Шу боис айрим эпизодларда ўйинчиларимизда босимни кўрдим. Олдимизга қўйилган мақсадни бугунги учрашувга алоқаси йўқ. Чемпионат энди бошланди. Босим мавсум охирига келиб таъсир қилиши мумкин.
- “Насаф” доим тўпни назорат қиладиган ва қисқа паслар билан ўйнайдиган жамоа. Лекин бугун айниқса, биринчи бўлимда бунинг аксини кўрдик. Бу нима билан боғлиқ? Иккинчи саволим эса Абдувоҳид Неъматов билан боғлиқ. У биринчи бўлимда кўп браклар қилди. У билан танаффусда гаплашиб олдингизми?
- Ўйинга тайёргарлигимиз кўпроқ ҳимояга қаратилганди. Тўпни назорат қилиш асосий вазифамиз эмасди. Фақат Абдувоҳидда эмас, бошқа ўйинчиларимизда ҳам браклар бўлди. Ечиниш хонасида гаплашдик. Бу ҳам руҳият билан боғлиқ бўлса керак. Агар биринчи тўпларни бошлаб бермасангиз назорат қилиш қийин. “Пахтакор” тўпни кўпроқ назорат қилди. Биз уларга кўпроқ имконият яратиб бердик. Ўзимизни хатоларимиз эвазига “Пахтакор” кўпроқ тўпга эгалик қилди.
- Легионерлардан кўп нарса кутилади. “Насаф”га охирги пайтларда келаётган кўп легионерларга барқарорлик етишмаяпти. Бугун легионерларда ҳеч нарса ўхшамади.
- Жамоани ўйини яхши кетмаса, бу ҳаммага таъсир қилади. Лекин биламиз, клубга таклиф қилган легионерларни ёрдами тегади. Ўтган учрашувда ўзларига юклатилган вазифаларни яхши бажаришганди. Балки бугун ҳимоявий тактикани танлаганимиз таъсир қилгандир. Лекин биз очиқ футбол таклиф қила олмасдик. Охирги учрашувларда деярли бир таркиб билан ўйнаяпмиз. Шу боис айрим футболчиларда енгиллик йўқдир, буни бугун ҳам кўрдик. Ҳали учрашувларимиз кўп. Легионерларни ёрдами тегади. Эсдан чиқарманглар, кўп жойларда легионерларимиз ҳал қилган пайтлари ҳам бор. Бизда легионерлар ҳар доим ишончни оқлаган, бундан кейин ҳам оқлашади, бунга ишонамиз.
- Шахсий фикрим, “Насаф” жисмоний жиҳатдан “Пахтакор”га ютқазди. Бунга фикрингиз?
- Охирида биз кўпроқ ҳужум қилдик, менимча. Жисмоний тайёргарлик бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз “Пахтакор”га нисбатан кўпроқ ўйин ҳам ўтказдик. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Лекин охирида менимча, биз кўпроқ ҳужум қилдик. “Пахтакор” яхши ҳимояланиб, бир-икки марта қарши ҳужумларга чиқди. Жисмоний тайёргарлигимизда муаммо бўлмайди.
- “Насаф”да иккита таймда икки хил ўйинни кўрдик. Эҳтиёткор ва секин ўйнаш “Пахтакор”ни ёш ўйинчиларга куч бағишлагандек бўлди. Эҳтиёткорликни сабабини қандай изоҳлайсиз?
- “Пахтакор” жамоасини ҳам ҳурмат қилиш керак. Эҳтиёткорликка берилмай ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин. Ҳа, “Пахтакор”да 2-3 та ёшлар ўйнаяптию, лекин бу жамоада маҳоратли ўйинчилар қолган. Кеча ҳам гапиргандим, “Пахтакор”ни ҳисобдан чиқариб бўлмайди. “Пахтакор”да ёш ўйинчилар бўлса ҳам улар оддий футболчиларни олиб юрмайди. Ҳар доим ёшлар чиққан. Балки тажриба етмаслиги мумкин, лекин яхши ўйинчилар эканлиги билиниб турибди. Иккинчи бўлимда ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Ҳужумда охирги пасни ва зарбани беришда совуққонлик етишмади.
Фикрлар