
Рўзиқул Бердиев Насруллаевнинг жароҳати ва Абдихолиқовнинг жамоадан кетгани ҳақида гапирди (матбуот анжумани)
Суперлига илк тури доирасида "Насаф" ўз майдонида "Сўғдиёна"ни қабул қилди. Ушбу ўйинда майдон эгалари 1:0 ҳисобида зафар қучди. Беллашувдаги ягона гол Шароф Муҳитдинов томонидан киритилди.
Ўйиндан сўнг қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Аввало, табриклар учун ҳаммага раҳмат! Мавсумни ғалаба билан бошлаш ёқимли. Айрим вазиятларни айтмаганда, рақиб футболчиларига дарвозамиз томон ҳужум қилишларига имкон бермадик. Сўғдиёна жамоаси тўп билан ўйнашни яхши кўради, шу боис уларни яхши ўрганиб чиқиб, футболчиларини тўпсиз қолдиришга ҳаракат қилдик. Бизда ҳам ҳужумда голдан аввал ва кейин кўпгина хавфли вазиятлар бўлди, лекин уларни голга айлантира олмадик. Агар шу ҳужумларни голга айлантирганимизда янаям ишончли ғалабага эришган бўлардик. Аммо мавсум бошланишида ғалабага эришиб, 3 очко олиш бу жуда ҳам яхши.
- Рўзиқул Саъдуллаевич, янги келган футболчилар ҳақида фикрингизни билсак.
- Биласизми, аслида жамоамизга келиб қўшилган футболчиларни ҳаммасини янги келиб қўшилган деб бўлмайди. Чунки Черан, Эшмуродов, Нуруллоев ва Норчаев аввал ҳам жамоамизда тўп тепишган, уларнинг имкониятларини яхши биламиз. Ҳебай ва Воробейни эса мавсум давомида кузатамиз. Жамоамизга уларнинг фойдаси тегади деган умиддамиз.
- Насруллаевнинг жароҳати ҳақида нима дея оласиз?
- Насруллаевда ўзи ўйиндан аввал ҳам кичик жароҳат бор эди, бироқ у жамоага ёрдам беришни истади ва майдонга тушди. Аммо ўша тўқнашувда у жароҳатини янгилаб олди ва захирага олинди. Тикланиб олиши учун бироз вақт керак бўлади. У бизнинг жуда ҳам муҳим ўйинчимиз эди, жароҳатидан кейин бироз режаларимиз ўзгариб кетди ва Бозоровнинг ўйинида ҳам бироз пасайиш бўлди.
- Жамоага легионер дарвозабон таклиф қилинишидан мақсад нима?
- Бизда аслида дарвозабон таклиф қилиш режаси йўқ эди. Аммо Умид Эргашевнинг кутилмаганда жамоадан кетиш истагини билганимиздан кейин шунга мажбур бўлдик.
- Бобирнинг бошқа клубга ўтиб кетиши бизни ажаблантирди. Унинг қолиши ҳақида маълумотлар чиқиб турганда у тўсатдан бошқа жамоага ўтиб кетди. Аслида, авваллари Черан ва Бобир тандеми кўпгина ҳолларда ўзини оқлаганди.
- Бобир Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистон чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритди. Балки энди Озарбойжон чемпионлигини ҳам қўлга киритмоқчи бўлгандир-да (кулади). У ҳам бошқа жамоа билан шартнома тузгач, биз жамоамизга Ҳусайнни таклиф қилдик. Ўйлайманки, ҳозирги ҳужумчиларимиз ҳам рақиб ҳимоячиларига етарлича хавф туғдира олишади. Бобирга эса омад тилайман!
Фикрлар