Рўзиқул Бердиев: Натижага эришиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлиш керак

Ўзбекистон Суперкубоги доирасида бўлиб ўтган "Пахтакон" - "Насаф" 1:1 (3:4) учрашувидан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин: 

- Пенальтилар серияси "Насаф" клуби тарихида биринчи марта, умуман кубок баҳсларида биринчи марта бўлса керак. Бироқ бунинг завқи бошқача бўлди. Албатта, суперкубокни қўлга қиритганимиздан хурсандмиз, бу осон бўлмади. Биринчи бўлимнинг охири ва иккинчи таймнинг бошини ёмон ўтказдик. Аммо ўтказиб юборилган голдан сўнг йигитлар яна уйғонди ва захирадан тушганлар ҳам жамоа ўйинига тезлик, иштиёқ қўша олди. Бунинг эвазига ҳисобни тенглаштириб, пенальтилар сериясигача бора олдик.Пенальтилар сериясида эса омад биз тарафга кулиб боқди. Барча йигитларга ва алоҳида Абдувоҳидга раҳмат айтаман. Улар бизни дарҳақиқат қутқаришди. Бугунги ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман.

- Гол ўтказиб юбориш шартмиди, унгача ҳужум қилсангиз бўлмасмиди?

Шартдек кўринди, чунки жамоани нимадир уйғотиб юбориши зарур эди. Кўрганингиздек, голдан кейин жамоамизнинг ўйини янада очилиб кетди ва ўзгаришлар ҳам анча таъсир кўрсатди. Қанотлардан ҳам, марказдан ҳам ҳужумлар уюштирдик. Гол урмасак, ҳисобни тенглаштирмасак ўзимизга қийин бўлишини сезгандик. Шунинг учун, йигитлар охиригача курашди. Биз ҳақиқий ўйинимизни иккинчи бўлимнинг ўрталарида кўрсата олдик. Якунда кўриндики, жамоамизда ўйин сифати, иштиёқ ва потенциал анча юқори. Фақатгина ғалаба қозонганимиз эмас балки, охиригача курашганимиздан ва мазмунли ўйин кўрсатганимиздан жуда ҳам хурсанд бўлдик.

- Бугун тўпсиз ўйинда ёш болалар билан ўйнаган "Пахтакор" "Насаф"дан кўра кучлироқ ҳаракат қилди. Шунчаки жисмоний ҳолати дош бера олмагани ва сиз 4 та ўзгариш амалга оширишга мажбур бўлди.  Агар "Пахтакор" таркиби кенгроқ бўлганида, заҳирасида ресурс кўп бўлганида, сизнинг юришингиз фойдасиз бўлиб қолиши ҳам мумкинмиди?

- Қисман гапингизга қўшиламан. Лекин кеча ҳозирги замонавий футбол ҳақида айтиб ўтганимиздек, натижага эришиш учун майдонда ҳамма нарсага тайёр туришимиз зарур. Қаердадир ҳимояланиш керак, қаердадир тўпни рақибга бериб қўйишингиз керак. Бизнинг тактик схемамиз албатта наф беришига ишончимиз комил эди. "Пахтакор" ҳар қандай ҳолатда тўпни назорат қилади, клубда тўп билан муомала қила оладиган футболчилар етарлича. Йигитларга рақиб ҳужумга ўтганида яхши ҳимоялана олиш, шошилмаслик ва асабийлашмаслигини уқтирдим. Менимча, йигитлар бунинг уддасиданг чиқди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!