Рўзиқул Бердиев: "Янги келган футболчилардан кўпроғини кутган эдик"

Суперлига 9-туридан ўрин олган "Насаф" – "Динамо" (1:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Оғир учрашув бўлди. Камчиликда ҳаракат қилиш исталган жамоага қийинчилик туғдиради. Динамо тўпни яхши назорат қилади. Шунга қарамасдан, яхши ҳимояландик ва вазиятлар яратдик. Улардан фойдаланганимизда, ғалабани сақлаб қолган бўлардик. Аммо, бугун 2 очко йўқотдик.

Биз хотиржаммиз. Янги келган футболчилардан кўпроғини кутган эдик. Бу эса қувонарли ҳолат эмас. Бу борада улар билан алоҳида суҳбатлашяпмиз, руҳий далда беришга интиляпмиз. Ўйлайманки, уларнинг жамоамизга албатта фойдаси тегади.

Ўтган мавсум ОЧЛда иштирок этдик, юқори ўринни эгалладик. Шу сабабли бу мавсум мақсад катта қўйилди ва таркибга кўпроқ тажрибали футболчиларни жалб қилдик. Сўнгги икки йилда ёшларга нисбатан камроқ имкон беряпмиз. Бунга имконият бўлмаяпти. Чунки, ўткинчи ўйин йўқ.

Ғайбуллаевнинг кизил карточкаси биз учун оғир келди. 80 дақиқа давомида бир киши кам бўлиб ҳаракат қилдик.

"Динамо" бугун 5 ҳимоячи билан беллашувни бошлади. Мен буни тахмин қилган эдим, аммо, кутмаган эдим. Абрамов очиқ, ҳужумкор ўйинни хуш кўради. Самарқандликлар сўнгги сонияларгача кураш олиб боришини таъкидлаган бўлардим. Жамоа таркибида ҳам тажрибали футболчилар бор. Менимча, натижа ўйиндан ўйинга яхшиланиб боради.

Бозоровда илк дақиқаларданоқ қулай имконият бўлди. Иккинчи бўлимда эса бўш қолган дарвозага тўпни тўғри йўллай олмади. Биз ундан етакчиликни талаб қиламиз. Унинг даражасидаги футболчи айнан шундай беллашувларда жамоага ёрдам бериши лозим. Шу сабабли уни захирага олдим.

Суперкубок олдидан бизда марказий ҳимоячи борасида муаммолар юзага келмоқда. Бу ташвишли ҳолат. Ички имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз", - деди "аждарлар" устози.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!