"Рубин" билан хайрлашганим йўқ" - Умарали Раҳмоналиев нега "Сабах"ни танлади?
Россиянинг “Рубин” клубида фаолият олиб борган ҳамюртимиз Умарали Раҳмоналиев жамоасини ўзгартирди. Яқинда хабар берганимиздек, футболчи Озарбайжоннинг “Сабах” клубига кўчиб ўтди. Раҳмоналиев “Сабах” футболчиси сифатида Sports.uz учун интервью берди.
- Умарали, "Сабах" клубини танлашингиз сабаби нимада? Олдингизда бошқа қитъалардан ҳам вариантлар бор эди. Сизга нимаси ёқмади ё бошқалар билан келиша олмадингларми?
- Ассалому алайкум. “Сабах” клубини танлашимизда ҳамма жамоалардан келиб тушган таклифларни, ёндашувларни, келажакдаги режаларини – ҳаммасини ўрганиб чиқиб, энг маъқули “Сабах” деган қарорга келдик. Фақат ўзим эмас, мутахассислар, устозларим ва айниқса ота-онам билан муҳокама қилиб, кўнгил тортиб, шу клубни танлашга қарор қилдик. Мураббийни ўзи ишонч билдираётгани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда ўйин амалиёти кўпроқ бўлиши ва клубни учталикка кирадиган ёки Кубокни ютадиган бўлса, Конференц лигада иштирок этиши ҳам кўзда тутилган. У ерда ҳам ўзимизни кўрсатиб, яхши марраларга эришиш учун шу жамоани танладик.
- “Рубин”даги фаолиятингизга қандай баҳо берасиз? Масалан, нимага эришдингиз ва нима йўқотдингиз?
- Айта оламанки, “Рубин”да фақат ўсишга эришдим. Ўйин амалиёти кам бўлган бўлса-да, машғулот жараёнларида нафақат футбол, балки ҳатто ҳаёт томонлама ҳам анча ўсишга, сабр қилишга, меҳнатдан ҳеч қачон тўхтамасликка, фақатгина Аллоҳдан сўраб мақсадга эришиш учун борини беришга ва яна футболда қандай нарсалар ўйинчини янада кучли қила олишини ўргандим. Йўқотган нарсаларим бўлмади, деб ўйлайман. Фақат ўйин амалиётидан ташқари.
- Янги клубда қандай қарши олишди? Бу ердаги мақсадингиз нима?
- Жамоага келишим билан мураббий, футболчилар, ходимлар – барчаси илиқ кутиб олишди. Ҳаммаси қўлларидан келганича қандай ёрдам керак бўлса, ҳаммасига тайёрликларини кўрсатишяпти. Барча илиқ кутиб олди. Ташкилий томондан, ички муҳи томонидан ҳам жуда яхши жамоа шаклланганлиги кўриниб турибди.
- Сиз кўпроқ Европага кетишни истагансиз. “Сабах” орқали бунга эришиш қанчалик осон?
- Худо хоҳласа, ҳали ҳам ниятимиз ўша. Фақат гапда эмас, Аллоҳ қодир қилса, амалда ҳам бажаришга ҳаракат қиламиз. Айтиб ўтганимдек, ўйлашимча “Сабах”ни Европа майдонларида қатнашиш имконияти бор. Шу нарсалар ҳам инобатга олинган ҳолатда “Сабах” клуби танланган. Ўйлайманки, жамоавий яхши натижага ва ўйлаган мақсадларимизга эришсак, бу ердан ҳам ўзимиз истагандек, “Сабах” орқали янада кучлироқ чемпионатларга кетиш имконияти бор.
- “Рубин” билан хайрлашишингиз қандай кечди?
- “Рубин” билан ҳали хайрлашганим йўқ. Сабаби, “Сабах” клубига бир йилга ижара асосида қўшилдим, 2025 йил охиригача. “Рубин” билан 2026 йилнинг июль ойигача шартномам бор. Шунинг учун ҳали хайрлашганим йўқ.
- Рустам Ашурматов ҳам кетяпти, деб эшитдим. Бундан чиқди, Рашид Раҳимов ишонч билдирмай қўйдими?
- Рустам акага келадиган бўлсак, ҳар бир футболчини мақсади майдонга чиқиб, жамоасининг ғалабаси учун ўз ҳиссасини қўшиш. Охирги пайтларда ўйин амалиёти кам бўлаётганлиги боис барчаси яқин кунларда ойдинлашса керак. Рустам акани ҳам ўзига яраша режалари бор. Бу нарса ҳақида мен бир нима дея олмайман. Рашид Маматқуловичнинг ишонч билдириши ёки билдирмаслигига тўхталадиган бўлсак, у ҳар бир футболчига ишонч билдиради. Ўйинчилар билан илиқ муомалада. Лекин майдонда 11 футболчи ўйнайди. Бу вазиятда мураббийни ҳам айблаб бўлмайди. Ўйин амалиёти кам бўлаётганлиги учун бу ҳолатда қандайдир йўл тутилса керак, деб ўйлайман. Қолганини вақт кўрсатади.
- Янги жамоада қайси рақамни танладингиз?
- 33.
Фикрлар