“Рубин” Ўрунов трансфери масаласида “катта қовун” туширди. Шамиль Газизов ғазабда!
“НеНобель” телеграм канали ўз манбаларига таяниб, “Рубин” клуби Остон Ўрунов трансфери масаласида “Уфа”га эмас, “Спартак” бош директори Шамиль Газизовга мурожаат қилгани ҳақида хабар берди. Қозонликлар бу мутахассисга трансфер учун 2 миллион евро бермоқчи бўлди.
Ушбу манба маълумотида Остон Ўруновнинг шу йилнинг февраль ойида “Локомотив”дан “Уфа”га ўтишида 200 минг еврони Шамиль Газизов ёнидан тўлагани, шу боис футболчимизнинг трансфер ҳуқуқи клубга эмас, айнан шу мутахассисга тегишли экани ва “Рубин” шунинг учун трансфер бўйича “Спартак” бош директорига мурожаат қилгани айтилган.
Бу хабар тезда Шамиль Газизовгача етиб борди ва унинг ғазабланишига сабаб бўлди. Чунки бу ҳолат ФИФА қоидаларига зид. Газизов “Спартак” учун ўзидан футболчи сотиб олмайди-ку.
“Буларнинг ҳаммаси бўлмағур гап. Ҳар нимани ҳам ёзиш мумкин. Бунга менинг нима алоқам бор? Ўрунов ҳозир менга эмас, “Уфа”га тегишли. Қачонки уни трансфер қилишса, уни олган жамоага тегишли бўлади. Бунда Газизовнинг айби нима? Шунақа нарсаларга тинимсиз жавоб беришимга тўғри келаётганидан ишлашга вақтим етмаяпти. “Ненобель” дегани яна нима бўлди экан?”, - деди Шамиль Газизов.
Энг қизиғи, 19 ёшли футболчимиз Россия спорт нашрлари ва ижтимоий тармоқларида энг кўп муҳокама қилинаётган қаҳрамонга айланиб қолди. Хабарларда Ўруновга “Спартак”, ЦСКА, “Рубин” каби премьер-лиганинг қатор жамоалари ва хориждан чорлов бўлаётгани айтилмоқда. “Уфа” ҳам ўзбекистонлик легионер бўйича яхши таклифлар олаётгани ва тез орада трансфер янгилиги эълон қилинишини айтиб, ҳамманинг эътиборини ушбу масалада ушлаб турибди.
Фикрлар