Рустам Тўлаганов: "Uzbek Tigers" жамоасида жанг қилишга қизиқмаганман

Ўзбек бокси жаҳонда ўз ўрнини топиб улгурди. Сўнгги вақтларда ҳаваскорлар бокси сингари профессионал рингда ҳам чарм қўлқоп усталаримиз юқори натижаларни қайд этишмоқда.

Шулар қаторида 2016 йилги Рио Олимпиадаси ғолиби Рустам Тўлаганов ҳам бор. Бу боксчимизнинг профессионал рингга ўтганига кўп бўлмади. У ўтган йилнинг 27 октябрда илк жангини ўтказиб, профессионал боксдаги илк ғалабасини қўлга киритган эди. Навбатдаги жанг эса апрел ойида бўлиши кутилмоқда.

Биз спортчимиз билан фаолияти ҳақида суҳбат ташкил қилдик.

– Ассалому алайкум. Спортга кириб келишингиз қандай кечган?

– Ваалайкум ассалом. Биринчи бўлиб спортга мени отам етаклаб келган. Ўшанда мен 9 ёш эдим. Барчаси шундан бошланди. Ҳали ҳам эсимда илк ғалабамни 36 кг вазн тоифасида бокс мактабида қўлга киритганман.

– Спортчи бўлмаганингизда қайси соҳада вакили бўлишни истардингиз?

– Ёшлигимдан спортга меҳр қўйдим ва шу вақтга қадар бунда фаолият юритиб келяпман. Бундан афсусдам эмасман. Бироқ спортчи бўлишдан ташқари мен ички ишлар ходими бўлишни ва ҳарбий форма кийишни орзу қилганман.

 

– Ғалаба сиз учун омадми ёки меҳнатларингиз самараси?

Очиғини айтганда мен кўплаб йирик мусобақаларда катта натижаларга эришмаганман. Сабаби Осиё ва жаҳон чемпионатларига чиқиш осон бўлмаган. Мен ғалаба кўпроқ омадга боғлиқ деб ўйлайман, лекин бунда ўзимга ишониб ҳаракат қиламан. Ҳаракат қилмасанг омаднинг келиши қийин.

– Спортчилар тез-тез руҳий тушкунлик ҳолатлари бўлиб туради. Сиз бундай ҳолатда қандай йўл  тутасиз?

Албатта, руҳий тушкунлик бўлиб туради. Мен бунда кўпроқ оилам билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан. Шунда барча ташвишлар унутилади. Отам-онам дуосини олишга ҳаракат қиламан. Бу менга қўшимча куч бағишлайди. Улар билан кўп суҳбатлашаман. Ҳаётда энг катта қўрқадиган нарсам бу – оиламни йўқотишдир. Спортдан бўш вақтимда иложи борича оилам даврасида бўлишга ҳаракат қиламан.

– Ҳаётингиздаги энг эсда қоларли воқеани айта оласизми?

Мен учун энг эсда қоларли воқеа бу 2016 йилги Рио Олимпиадаси бўлади. Сабаби бу йирик турнирда бронза медалини қўлга киритганман. Буни ҳеч қачон эсдан чиқармайман.

– Машҳурлик сизга нима олиб келди? Машҳур бўлиш осонми эканми ёки чемпион?

– Турли мусобақаларда қатнашиб, озми-кўпми юртимиз шарафини ҳимоя қилдик. Улар бизни тинмасдан қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Ҳурмат қилишмоқда. Менимча, бундан ортиқ машҳурлик бўлмайди. Лекин бир нарсани тан олиб айтишим мумкин, машҳур бўлишдан чемпион бўлиш анча қийин. Агар спортчи чемпион бўлса, машҳурлик ўз-ўзидан келаверади. Шундан сўнг режаларингиз ўзингизга боғлиқ бўлмаган ҳолда бироз ўзгаради. Машҳур бўлгандан кейин вақтида машғулотларга бора олмай қоласиз. Одамлар доим уларни тақиб қилиб юришади.

Нима учун “Uzbek Tigers” жамоасида ўз фаолиятингизни давом эттирмадингиз?

– “Uzbek Tigers” жамоасида атиги бир марта мени жангга чиқаришган. Ўшанда мен Россия жамоаси билан бўлган беллашувларда рингга чиққанман. Кейин бошқа қўйишмаган. Бундан ташқари ўзим ҳам бунга жуда қизиқмаганман. Олимпиададан сўнг бир оз дам олиб, профессионал боксни танладим.

– Сиз орзу қилган чемпионлик камари кимда ва ким билан жанг қилишни истар эдингиз?

Боксда йўналишлар кўп. Шунингдек, чемпионлик камарлари фақат битта боксчида эмас. Камида етти-саккиз нафар боксчи бу камарларга эгалик қилишмоқда. Мақсадим уларнинг барчасини қўлга киритиш ва шунга ҳаракат қиляпман. Мен жанг қилмоқчи бўлган боксчини ҳозир аниқ айтмайман. Вақти келиб билиб оласизлар.

– Сиз қайси фаслни яхши кўрасиз ва нима учун?

– Баҳор фаслини яхши кўраман, чунки янгиланиш, яшариш фасли бу. Унда ўсимликлар уйғониб, атрофга чирой бағишлайди. Бу нафақат спортчининг, балки барчанинг кўнглини кўтаради. Кейин ҳаво ҳам тоза бўлади. Кишига завқ бағишлайди.

– Ҳаётдаги энг катта орзуингиз...

– Профессионал боксдаги барча камарларни қўлга киритиш.

Фаолиятингизга улкан зафарлар тилаб қоламиз. Суҳбатингиз учун ташаккур!

> @uzsport_com (Телеграм)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!