Самарқандга Суперлига нафаси қайтди. «Динамо» байрамона ўтган таништирув маросимини ўтказди (Фотогалерея)
«Динамо» жамоаси ўз анъанасига кўра, чемпионат ўйинлари олдидан янги футболчилар тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Самарқанд шаҳридаги «Ёшлар маркази» катта залида ўтган тадбирда жамоа аъзолари, вилоят ҳокимлиги, ҳомий ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мухлислар, Самарқанд футбол жамоатчилиги иштирок этди. Байрамона тақдимот маросими илк марта 4та телекамерада интернетда жонли эфирда намойиш этилди.
Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эркинжон Турдимов очиб бериши режалаштирилганди, аммо вилоят ҳокими маълум сабабга кўра маросимга кела олмаган бўлса-да, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов маросим қатнашчиларига Эркинжон Оқбўтаевичнинг жамоа ва мухлисларга йўллаган янги мавсум очилиш табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, «Динамо» ПФК бош ҳомийси «Agromir Buildings» компанияси раиси, сенатор Шавкат Жалолов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов клуб янги бош мураббийи сербиялик Предраг Роганни таништириб, «Динамо» футболчиларига янги либослари топширилди. Мухлислар номидан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва «Agromir» компанияси бошқарув раиси Шавкат Жалоловга Самарқанд футболи ривожи йўлида қилинаётган ишлар учун миннатдорчилик билдирилди. «Динамо» ПФК номидан эсдалик учун Эркинжон Турдимовга 69-рақамли либос (1969 йилда туғилган), Шавкат Жалоловга 70-рақамли, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаровга 78-рақамли клуб либоси топширилди.
Шунингдек, янги мураббий Роган ҳамда футболчилар номидан Темурбек Исмоилов, Александар Глишич сўзга чиқиб, янги мавсумда самарқандлик мухлисларни қувонтириш учун жамоа бор куч ва имкониятини сарфлашини билдиришди. Мухлисларнинг очиқ-савол жавоби ва олқишлари остида юқори кайфиятда ўтган тадбир якунида барча Суперлига 1-тури доирасидаги 3 март кунги «Динамо» - «Пахтакор» ўйинига таклиф этилди.
Фикрлар