Самвел Бабаян "Навбаҳор"га нима сабабдан келгани ва наманганлик мухлислар армияси ҳақида гапирди

Бугун Намангандаги “Марказий” ўйингоҳ анжуманлар залида “Навбаҳор” ПФК президенти Отабек Саматов, жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда “Навбаҳор”нинг фахрий ва фидойи мухлислари, фан-клуб аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда дастлаб Самвел Бабаян сўз олиб, шундай деди:

Наманган – футболсеварлар вилояти, бу ерда мухлислар армияси катта кучга эга. Очиғини айтадиган бўлсам, айнан мухлислар боис, бошқа клублардан яхши таклифлар тушганлигига қарамай, “Навбаҳор”да ишлашга қарор қилдим. Бежизга футболда ишқибозларни "12-ўйинчи" дейишмайди. Жамоанинг ғалабалари кўп жиҳатдан сиз – мухлисларнинг қўллаб-қувватлашингларга боғлиқ. Шунинг учун “Навбаҳор”ни доимо муносиб тарзда, шиорлар кўтарган, футболчиларни руҳлантирадиган сўзларни қўшиқ қилиб айтиш орқали қўллаб-қувватлашингларни илтимос қиламан. Клуб томонидан фан-клубга барча шароитлар яратилиб берилади.

Олдинлари чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш асосан 3 та жамоа, яъни “Пахтакор”, “Нефтчи” ҳамда “Навбаҳор” ўртасида кечарди. 2002 йилдан бошлаб эса “Пахтакор”нинг гегемонлиги бошланди... “Навбаҳор”нинг шонли даврларида жамоанинг ташкилий ва селекция ишлари билан шуғулланганман. Ўшанда менга, 25 ёшли йигитга клубнинг ўша пайтдаги президенти Ҳакимжон ака Ҳошимов ишонч билдиргандилар. “Навбаҳор”даги тажрибамни кейинчалик фаолият юритган бошқа клублар, шу жумладан, “Пахтакор”да ҳам синовдан ўтказдим. Айрим пайтларда бу тажриба самара берди, баъзи пайтларда эса ўзини оқламади. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, катта футболдаги илк фаолиятимни айнан “Навбаҳор”да бошлаганман. Энди клуб олдидаги бурчимни бажариш учун янги мавсумда барча имкониятимни ишга соламан.

Шундан сўнг, клуб президенти Отабек Саматов сўзга чиқиб, қуйидагича фикр билдирди:

Мухлислар жамоани доимо, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам қўллаб-қувватлаб туришлари зарур. Аммо ўтган мавсумда бу борада айрим камчиликлар кўзга ташланди ва “Навбаҳор” мағлубиятга учраётганида ёки дуранг натижа қайд этаётганида муносиб қўллаб-қувватлаш ўрнига футболчиларга турли номақбул сўзлар гапирилди. Бу эса уларнинг ўйинларига салбий таъсир ўтказди. Масалан, учрашувнинг 1-бўлими 0:0 ҳисобида якунланадиган бўлса, жамоамиз аъзолари танаффус пайтида кийим алмаштириш хонасида бошларини эгиб, ишқибозлар бизга номақбул сўзларни айтишяпти, дейишарди. Ҳақиқий мухлис ундай бўлмаслиги, севимли жамоасини доимо, ҳар қандай ҳолатда ҳам муносиб қўллаб-қувватлаши шарт. Биз фан-клуб аъзоларига яхши шароитларни яратиб берганимиздан сўнг, янги мавсумда сизлардан энди одоб-ахлоққа риоя этиш, муносиб мухлислик қилишни ҳам талаб этамиз.

Ўтган мавсумда ижтимоий тармоқлар орқали мухлислар томонидан клубга оид турли асоссиз гаплар тарқатилди. Бундай гап-сўзларни тарқатишдан олдин бироз ўйлаш, мушоҳада қилиш лозим. Чунки, ўтган мавсумнинг сўнгги тур баҳсларида Суперлигада қолиш учун курашаётган “Металлург”ни ўз майдонимизда (24-тур, 1:0 ҳисобида), “Андижон”ни эса сафарда (25-тур, 2:1 ҳисобида) мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик. Ваҳоланки, ушбу ўйинлардан олдин ишқибозлар томонидан турли асоссиз гаплар тарқатилди. Кези келганида, таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” ўтган мавсум учун барча футболчилар билан ҳисоб-китоб қилган ва клубнинг ҳеч қайси ўйинчидан қарзи йўқ.

Яна шуни ҳам айтиш лозимки, янги мавсумда клуб логотипи ўзгаради ва жамоа либослари ранги ҳам алмашиб, “лочинлар” янги мавсумда кўк ҳамда оқ либосларда майдонга тушишади. Янги мавсумда жамоамиз ўз олдига юксак мақсадарни қўйган ва буни амалга ошириш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз.

Шундан сўнг, мухлислар раиси Абдулло Аҳмедов, фан-клуб етакчиси Музаффар Гаппаров, фахрий мухлис Икромжон Дедашев, шунингдек, Жаҳонгир Шарифий клуб президенти Отабек Саматов ҳамда жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян томонидан билдирилган масалалар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди ва клуб раҳбарияти томонидан иқтидорли футболчиларга ҳам катта эътибор қаратаётганлиги боис, 2021 йилги мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга номзодлар қаторидан “Навбаҳор U21” ҳамда “Навбаҳор U18” жамоалари ҳужумчилари - Ҳусайн Эргашбоев ва Асад Жўрабоев ўрин олганлигини эътироф этишди.

Учрашув сўнгида мухлислар Самвел Вячеславовичга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. “Лочинлар” устози жамоага янги ҳужумчи жалб этиш борасидаги саволга бу борада жадал селекция ишлари олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Яна бир мухлиснинг: “Бошқа клублардан манфаатли таклиф бўлса, “Навбаҳор”ни ярим йўлда ташлаб кетмайсизми?”  деган саволига Самвел Бабаян унга нафақат юртимиз, балки хориж клубларидан ҳам манфаатли таклифлар бўлганлиги, аммо мақсади Наманган жамоаси билан юксак марраларни забт этиш эканлиги сабабли, айнан “Навбаҳор”да ишлашни маъқул кўрганлигини таъкидлади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Rais Buva
29/12/2021 23:04
Mister BABA ertaklariga uzi ishonmaydiku.
Agar Navbahorda pul buganda BABA 1 soniya xam ishlamasdi.
Kelayotgan yangi mavsumda kuramiz nimalar bulishini.
Кахрамонжон Сафаров
24/12/2021 18:37
Бабаян Навбахорга СОККА килгани келган холос мана курасизлар чемпионат охирига бормай кандай ишлар булишини бу крахабор халкни пулини еб тугатиб юборармикана , бироз уйлаб куринглар чет элга бориб хам Сокка килмокчи булган эди кутига тепишди Узбеклар бу Крахга пахта куйиб юраверади
PROSTO TELE
24/12/2021 08:58
Ифлослар мухлисларга осилмай уйинингни тугрилаб куй аввал. Утган мавсумни умуман чичвордиларинг уйнашни.