Санжар Қодирқулов: "Пахтакор"га ютқазганимиз билан ҳаёт тўхтаб қолмаслигини тушунган ҳолда "Локомотив"га қарши жиддий тайёрлангандик

“Бунёдкор” клуби Coca-Cola Суперлигасининг 6-тур доирасида ўз майдонида “Локомотив”ни қабул қилиб 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.

Жамоасининг ғалабасига муносиб ҳиссасини қўшган ярим ҳимоячи Санжар Қодирқулов эса Sports.uz учун ўйин ҳақидаги таассуротларини билдирди.

- “Пахтакор”га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг ушбу ютуқ бизга жуда ҳам зарур эди. Қолаверса, мухлисларимиз олдида бироз бўлса-да, юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳам ютмасак бўлмасди.

Биласизми, “Пахтакор” билан беллашувдан кейинги кунлар биз учун жуда оғир кечди. Чунки ўша мағлубиятни унутиш қийин бўлди. Лекин ўша мағлубият билан ҳаёт тўхтаб қолмаслигини тушунган ҳолда “Локомотив”га яхшилаб тайёрландик. Рақибнинг кучли томонларини ўргандик. Ушбу ўйинга бўлган тактика эса ўз сўзини айтди деб ўйлайман. Бизнинг мақсадимиз ҳар бир учрашувда ғалаба учун ўйнаш, - деди Қодирқулов.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!