Санжар Қувватов:
Ads

«Пахтакор» клуби янги мавсум учун бир қатор янги футболчиларни қўлга киритди. Жумладан, қашқадарёлик дарвозабон Санжар Қувватов ҳам бу йилдан бошлаб «Пахтакор» клубида фаолият олиб бормоқда. Катта футболга «Машъал» клубининг академияси орқали кириб келган, кейинчалик «Насаф»да тўп сурган Қувватов учун жорий мавсум фаолиятида олдинга қадам ташлаш бўлди десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, у яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоамиз сафида Осиё Кубоги мусобақасига бориб келди. Бир сўз билан айтганда, охирги йилларда Қувватовнинг ўйинида ўсиш кузатилаётганди. «Пахтакор»нинг унга таклиф билан чиққани ҳам аслида бежиз эмасди. Унинг янги клубидаги дебюти ҳам омадли чиқиб, Осиё Чемпионлар лигаси иккинчи саралаш босқичидаги «Эйр Форс»га қарши учрашувда «Пахтакор» дарвозасини муносиб ҳимоя қилди ва «Шерлар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Мазкур беллашувдан сўнг Санжар Қувватов «ФЭ» учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Пахтакор»га мени Ирисметов таклиф қилди»

- Ўтган йилги мавсум тугаганидан кейин менга «Пахтакор» клубидан Жаъфар ака Ирисметов қўнғироқ қилиб, «Пахтакор»да ўйнашга иштиёқинг борми, биз сен билан қизиқяпмиз деганди. Ҳаммага маълумки, «Пахтакор» Ўзбекистоннинг энг олди жамоаларидан бири ва шубҳасиз топ-клуб саналади. Табиийки, бундай жамоа таркибида тўп суриш футболчи учун шарафли. Мен Жаъфар акага шундай гапларни айтдим. Хуллас, «Пахтакор» томонидан тушган таклифдан сўнг мен ўзимизнинг мураббийимиз – Рўзиқул ака Бердиев билан гаплашдим. Агар «Пахтакор»да ўйнашга иштиёқинг кучли бўлса, майли бориб ўйнайвер деди. Биз эса ўзаро келишган ҳолда хайрлашишга қарор қилдик.

«Арвеладзе билан ишлаш жуда қизиқарли»

- Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир мураббийнинг футболга ўз қарашлари бор ва шундан келиб чиққан ҳолда уларнинг тактик услублари бўлади. Шота Арвеладзенинг машғулотлари ҳам жуда қизиқарли. Масалан, дарвозабонлар кўпинча ўз мураббийи билан алоҳида ишлашади. У ерда эса дарвозабонларнинг ҳам умумий машғулотларда қўшилиб ишлаши қизиқ. Арвеладзе футболчилардан ташқари, машғулотлар жараёнида дарвозабонларга ҳам ўзи алоҳида тушунчалар беради, қайси вазиятдан қандай ўйнаш кераклиги ҳақида ўз билганларини айтади. Арвеладзе жаҳон даражасидаги мураббий бўлгани учун унинг машғулотлари Европа стандартлари асосида ўтади. Бу эса биз футболчилар учун ҳам жуда фойдали.

«Суюнов ҳам, мен ҳам рақобатдан қўрқмаймиз»

- Элдор Суюнов билан ёшликдан бирга ўйнаб, катта бўлганмиз. «Машъал» академиясида у билан таҳсил олганмиз. Кейин «Насаф»да биргаликда фаолият олиб бордик. Энди эса тақдир тақозоси билан «Пахтакор»да ҳам у билан биргамиз. Иккаламиз бир-биримизни яхши биламиз, рақобатдан умуман қўрқмаймиз. Элдорнинг имкониятларини ҳамма билади, у Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам дарвозабони ҳисобланади. Яна биргаликда ишлаш иккаламиз учун ҳам жуда қизиқ кечади.

«Насаф»ни молиявий қийинчилик туфайли тарк этмадим»

- Агарда «Насаф»дан молиявий қийинчилик туфайли кетмоқчи бўлганимда бундан олдинроқ жамоани тарк этган бўлардим. Масалан, шундай бўлганида ўтган йили биринчи даврадан сўнг кетишим ҳам мумкин эди. Лекин мен жамоада қолиб ёрдам беришга қарор қилдим ва мавсум охиригача ўйнадим. Агар сизга яхши жамоадан таклиф тушса, албатта бунга интилиш керак. Чунки бир жойда тўхтаб қолсангиз ҳам бўлмайди. «Машъал»дан «Насаф»га ўтганимда ҳам фаолиятимда бир поғона кўтарилиш бўлганди. Чунки ҳамма яхши биладики, «Насаф» жуда ажойиб жамоа. Бунга у ерга келганимда ўзим ҳам иқрор бўлганман. Футболчилар жуда аҳил. Рўзиқул Бердиевнинг эса қандай мураббийлигини ҳамма яхши билиб олди. Ўтган йили клубдан ҳамма етакчилар кетган пайтда биз асосан ёш футболчилар билан қолиб кетдик. Лекин улар билан ишлаш ва ўйин савиясини ошириш ҳамма мураббийнинг ҳам қўлидан келавермайди. Чунки биз иккинчи гуруҳда биринчи ўринни олдик. Яна қайтараман: мен «Насаф»дан молиявий қийинчилик туфайли кетганим йўқ. Мураббий ва раҳбарлар билан маслаҳатлашдик ва улар билан ўзаро келишган ҳолда хайрлашдик. «Пахтакор» билан Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳам ёқимли. Умуман олганда, ўзимни ушбу жамоада синаб кўришга қарор қилдим.

«Қаршида фаолиятимни яна бошидан бошладим»

- Юқорида айтганимдек, «Машъал» клубининг академиясида тарбия олдим ва терма жамоада ҳам ўйнадим. Кейинчалик «Машъал»да озгина ўйинимда пасайиш бўлди. Шундан сўнг клубни алмаштиришга қарор қилдим. Александр Хомяковга вазиятни тушунтирдим ва шу пайт менга «Насаф»дан таклиф бўлганди. Ушбу жамоада ҳам кўплаб дўстларим ўйнашарди. Биласизми, фаолиятимни «Насаф»да давом эттиришга киришганимдан сўнг худди фаолиятимни яна бошидан бошлагандек бўлдим. Чунки у ерда муҳит, футболчиларга бўлган эътибор ва муносабат умуман бошқача эди. Қолаверса, Рўзиқул Бердиев ва дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков билан бирга ишлаш ҳам ёқимли эди. Улар менинг «Насаф»да ўсишимга катта ёрдам беришди. Жамоа билан бирга 3-ўринни эгалладик, Суперкубок соҳиби бўлдик. Муҳит яхши бўлса, натижалар ҳам ижобийлашиб бораверар экан. У ерда машғулотларда ҳам кучли иштиёқ билан ишладим. Чарчадим ёки зерикдим деган тушунча бўлмасди. Ҳар бир кунимиз жуда қизиқарли кўринишда ўтарди. «Насаф» орқали фаолиятимда бурилиш бўлди ва мени миллий терма жамоага ҳам чақиришди. Энди «Насаф» билан эриша олмаган совринларга «Пахтакор» орқали эришиш ниятим бор.

«Пахтакор»даги дебют ўйинимда ҳаяжон билинди»

- «Пахтакор»даги дебют ўйиним Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси орқали ва ғалаба билан бошланганидан жуда хурсандман. Албатта, бундай онлар мен учун ҳаяжонли бўлди. «Пахтакор» либосида майдонга тушиш, мухлисларнинг олқишлаши, биринчи ўйин…бундай пайтда албатта ҳаяжон бўлади. «Пахтакор» жамоасининг биргина нияти ҳамма вақт фақат ғалаба. Шу боисдан бизга қўйилган мақсад олдида ҳаяжон унутилиб кетилади. Бу йилдаги биринчи ўйинимиз бўлгани билан жамоамиз яхши ҳаракат қилди ва мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд қилдик. Энди кейинги учрашувда ҳам ғалаба қозониб, Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқмоқчимиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
28/02/2019 17:24
манимча, Кувватов хозирда узбекистондаги энг кучли дарвозабон. энди ОЧЛда хам узини курсатиши керак ва термада биринчи ракам булиш
&
ахмад49
01/03/2019 18:10
Санжаржон пулнинг кудрати жуда хам кучли буни Сиз хам жуда яхши биласиз,лекин фалсафа хам керак.
&
ахмад49
01/03/2019 18:10
Санжаржон пулнинг кудрати жуда хам кучли буни Сиз хам жуда яхши биласиз,лекин фалсафа хам керак.
Aza Arvelazde
28/02/2019 12:40
Rahmat Sanjik, Nasafda borizni berib ishladiz