Санжар Қувватов: "Нефтчи"да ёмонлик кўрганим йўқ. Кетиш - бу фақат ўзимни қарорим"

Тажрибали дарвозабон Санжар Қувватов биринчи даврани “Нефтчи”да ўтказди ва энди мавсумнинг иккинчи қисмини водийнинг бошқа бир жамоаси – “Навбаҳор” сафида бошлайди. Қувватов эса наманганликлар аъзосига айлангач, Sports.uz сайти учун интервью берди.

- Иккинчи даврани “Навбаҳор”да ўтказишга қарор қилдингиз. Нима учун?

- “Нефтчи” жамоасида 6 ой ўйнадим. Ҳар томонлама жуда яхши таассуротлар қолди. Кейин “Навбаҳор”дан таклиф бўлди. У ерда олдин бирга тўп сурган жамоадошларим бор, ўзинги ҳам биласиз, Фарруҳ Сайфиев, Одил Ҳамробеков...Шулар яна бирга тўп суришимиз истагини билдиришди. “Нефтчи” мураббий билан гаплашдим ва кетишимга рози бўлди. Дўстона хайрлашдик.

- Ёзги трансфер пайтида сизга шунингдек, “Насаф”дан ҳам аниқ таклиф бўлгани ҳақида гап-сўзлар йўқ эмасди...

- Бундай вариант йўқ эди. Рўзиқул ака билан қишда гаплашганимизда “Нефтчи”га ўтишимни кутмаган. Чунки шартномам бор эди. Кейин Рўзиқул ака ҳаммасидан хабар топганидан сўнг нимага айтмадинг деганида барчаси тез юз берди, “Нефтчи” варианти пайдо бўлгач, бошқа вариантларга қарамадим, шулар билан гаплашиб ҳал қилдик, деб айтгандим. Бу сафар ҳам шартномам бор эди ва менга фақат “Навбаҳор”дан таклиф бўлгани учун шуни қабул қилдим.  

- Клубни ўзгартиришингиз зарурлигини қачон ҳис қилдингиз?

- “Нефтчи”даги охирги ҳафтамда шу қарорга келдим. “Нефтчи” жамоамда ёмонлик кўрганим йўқ. Кетиш - бу фақат ўзимни қарорим.

- “Навбаҳор”да сизни нима кутаётганини биласизми?

- Албатта, жуда масъулият. Суперлигада қолиш учун эмас, Суперлига чемпионлиги учун курашадиган жамоа. Клубдаги футболчиларни биламан, бир нечтаси билан бирга ўйнаганмиз. Жамоага киришиб кетиш қийин бўлмади. Водийда ўйнаш қийинроқ. Мухлислар жуда талабчан. Нафақат футболчи, балки барча спортчилар бундай нарсаларни енгиб ўтиши керак. Қўлдан келганича жамоага фойдамиз тегишига ҳаракат қиламиз. Бизни нима мақсадда чақиришган бўлса, шунга эришишга бор кучимиз билан курашамиз.

- Янги клубингиздаги ҳаётингиз қандай бошланди?

- Тўғриси, дастлабки кунлари бироз қийналдим. Чунки “Нефтчи”дан кетадиган вақтимда озгина шамоллаш бўлиб қолди. Кейин “Навбаҳор”га қўшилганимда бетоблигим бўлса-да, машғулотларни ўтказиб юборишни хоҳламадим. Ҳозир ҳаммаси яхши. Янги мураббийлар, клуб ходимлари билан ҳам яқиндан танишиб олдим.

- “Навбаҳор”нинг асосий дарвозабони Ўткир Юсупов Эронга кетди. Сизлар унинг ўрнини тўлдириш учун чақирилдинглар. Шунингдек, босим қаерда кучлироқ: Фарғонадами ёки Намангандами?

- Ўткирни кетишига келадиган бўлсак, унинг учун хурсандман. Ҳар бир футболчини биринчи орзуси миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш. ,Юсуповни биринчи орзуси ушалган. Футболчиларни иккинчи орзуси легионер бўлиб фаолият олиб бориш. Ўткир билан ёшлигимиздан танишмиз. Унга омад тилайман. Босимга келсак, ҳали солиштириш имкони йўқ. У ерда ёки бу ерда босим кучлироқ деб айта олмайман. Чунки ҳали расмий ўйин ўйнамадик.

-  “Навбаҳор” барибир азалий мақсадидан чекинмаяпти ва иккинчи давра учун ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Имкониятни қандай баҳолаяпсиз?

- Элдор Суюнов билан иккимиз “Пахтакор”да бирга ўйнаганмиз. Ўзаро гаплашганимизда ҳам ҳайрон қолдик. Негаки, нима учун бундай таркиб ва бундай футболчилар билан жамоа икки йилдан бери чемпион бўла олмаяпти? Биз шунга ҳали ҳам ҳайронмиз. Чунки ўйинчиларнинг даражаси чемпионликка тортади. Майли, дарвозабонларни ҳисобламайлик. Биз энди келдик ва ҳали жамоа учун ҳеч нарса қилмадик. Албатта, бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Лекин Ўткирни оладиган бўлсак, у ҳозир Ўзбекистонда биринчи рақамли посбон ҳисобланади. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумдаги футболчиларнинг даражаси билан қандай қилиб чемпион бўла олмаганига ҳайронмиз. Жамоани ичига кириб, ҳар бир машғулотда ҳар бир футболчини индивидуал ҳаракатларини кўриб баҳо берсангиз, ростдан ҳайрон қоладиган ҳолат. Аммо “Навбаҳор”да чемпионлик учун яхши имконият бор.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!