Санжар Турсунов: Янги мавсумда АГМК янада яхшироқ натижа кўрсата олади
Миржалол Қосимов бошқарувидаги АГМК клуби янги мавсум учун дастлабки харидларидан бири сифатида «Бунёдкор»дан Санжар Турсуновни қўлга киритганидан хабарингиз бор. 34 ёшга тўладиган тажрибали ярим ҳимоячи шу тариқа клубини ўзгартирди. Унинг «Бунёдкор»даги иштироки борасида ўртача баҳо бериш мумкин. Балки у Қосимов қўли остида янада яхшироқ ўйнай олишига ишонаётгандир. Қуйида Санжар билан уюштирилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- Ўтган йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон чемпионатига қайтган ҳолда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилдингиз. Лекин мазкур клубдаги фаолиятингиз қисқа давом этишига нима сабаб бўлди?
- «Бунёдкор»дан кетишимда ҳеч қандай тушунарсиз ҳолат юз бергани йўқ. Шунчаки, АГМК жамоасида Миржалол Қосимов билан бирга ишлашга қарор қилдим. Ўз вақтида бу мураббий билан миллий терма жамоада ҳам бирга ишлаганман. Шу боисдан АГМКдан таклиф бўлди. Тўғриси, «Бунёдкор»га келишимдан олдин ҳам олмалиқликлардан чақирув олгандим. Ниҳоят, бу сафар фаолиятимни АГМКда давом эттирадиган бўлдим. Клубнинг олдига қўйилаётган мақсадлари жиддий эканлиги ҳақида айтишди. Жамоадаги ҳамма нарса менга ёққанлиги учун бу клубни танладим.
- «Бунёдкор»даги ярим мавсумингиздан кўнглингиз тўлмадими?
- Мен учун зўр ўтди деб ўйламайман. Умуман олганда, яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Албатта, жамоа учун Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига чиққанимиз қониқарли бўлди. Аммо тўлиқ ўйнай олмаганим ўзим учун минус бўлди.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийнинг кўз ўнгида тўп суришингиз сиз учун фойдалироқ туюлмасмиди?
- Вадим Карленович билан яхши муносабатда хайрлашдик. Ҳамма футболчилар қатори мени ҳам терма жамоада ўйнагим келяпти. Исталган пайтда мени чақиришса, ҳар доим ёрдам беришга тайёрман. Лекин ҳозир шундай вазият бўлгани учун АГМКга ўтдим.
- АГМКга ўтишингизда Миржалол Қосимовнинг роли катта бўлганлиги кўриниб турибди. Унинг таклифини қабул қилишингизда асосий туртки нима бўлди?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, «Бунёдкор»га ўтишимдан олдин ҳам Миржалол Қосимов мени Олмалиққа чорлаганди. Лекин мен ўша пайтда «Бунёдкор»га боргандим. Олмалиққа ўтишимда туртки бўлган асосий жиҳат шу бўлдики, Миржалол ака мени ўз жамоасида кўришни хоҳлади. Шу билан бирга клуб олдига катта мақсадлар қўйиляпти. «Бунёдкор»да ҳам вазифа шунақа эди. Лекин мен Олмалиқни танладим.
- Сизга АГМКдан ҳам ташқари яна бошқа клублардан ҳам аниқ таклифлар бўлдими?
- Тўғрисини айтсам, бошқа таклифларни кутишим керак эди. Албатта, аста-секин қизиқишлар бўлаётганди. Аммо бунинг учун бошқаларнинг аниқ таклифини ҳозиргача кутаётган бўлишим керак эди. Мен эса янги йилдан олдин бир қарорга келиб бўлгандим ва бошқа таклифларни бир четга суриб қўйдим.
- АГМК билан қанча муддатга шартнома туздингиз?
- Бир йилга.
- Бу йил 34 ёшга тўласиз. Бунгача асосан хорижда легионер сифатида тўп суриб келаётгандингиз. Ўтган йилдан бери эса ўзимизнинг чемпионатда ўйнаб келяпсиз. Бу дегани энди бошқа четга чиқмаслигингизни билдирадими?
- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Жисмоний тарафдан ҳолатим яна аввалгидек ўйнашга имкон берадими? Кучим етадими? Шуларни ҳисобга оламан ва агар ҳаммаси жойида бўлса яна легионер бўлиб ўйнашим мумкин. Агарда четда ўйнашга кўзим етмаса шу ерда фаолиятимни тугатавераман. Ҳозир эса бу ҳақида гапиришга эрта.
- Сиз учун янги клубингизга айланган АГМК ҳам янги мавсумга тайёргарликни бошлаган ва сиз ҳам бу жамоа билан ишлашни бошлаб юбордингиз. Ҳаммаси сиз ўйлагандек яхши кечяптими?
- Жамоа муҳитига мослашишим у қадар қийин бўлгани йўқ. Клубдаги кўп ўйинчиларни яхши танийман. Албатта, легионер бўлиб ўйнаб юрган кезларимда янги жамоага ўтсам мослашишда бироз қийналардим. Аммо энди Ўзбекистондаман ва ўзимиздаги барча футболчиларни яхши биламан. Шу боис мослашишда ортиқча муаммолар бўлгани йўқ.
- Айтинг-чи, Миржалол Қосимовни Вадим Абрамовдан устун томонлари сифатида қандай хусусиятларини айта оласиз?
- Ким устунлигини айта олмайман, бу ҳақида гапирсам нотўғри бўлади. Ҳамма мураббийнинг ўз услуби ва футболга қараши бор. Қайсидир пайтда қайсидир мураббийнинг тактикаси устун бўлиб чиқади. Ўйлайманки, ҳар бир мутахассиснинг ўзига яраша устун томонлари бор.
- Ўтган мавсумда АГМК мавсумни 8-ўринда тугатди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги финалларигача етиб борди. Клуб эса ўзидан икки хил таассурот қолдирди. Уларнинг таклифини қабул қилишингиздан аввал ўтан мавсумдаги иштироки таъсир кўрсатмадими?
- Жамоаларнинг иштироклари борасида айтадиган бўлсак, ҳар бирининг ижобий ва салбий қатнашувлари бўлади. Кимдир чемпионатда яхши ўйнаб, Кубокда ёмон қатнашиши мумкин ёки бўлмаса бунинг акси бўлади. Лекин янги мавсумда АГМК янада яхшироқ натижалар кўрсата олади деб ўйлайман.
- Анчадан бери хорижда ўйнаб келдингиз ва ўтган мавсумнинг ярмида чемпионатимизга қайтдингиз. Шундай экан, Суперлигамиздаги паст-баландликлар ҳақида қандай тушунчага эга бўлдингиз?
- Ўзбекистон чемпионатига фақат плюс жиҳатларни қўшиш керак. Ўзингиз ҳам биласиз, бошқа чемпионатларга қараганда бизники у қадар зўри ҳисобланмайди. Шу боис Суперлигамиз йилдан-йилга кучайиб бориши шарт. Бундай жараёнда эса плюс ва минуслари ҳам бўлади. Ўзбекистон футбол ассоциациясида ишлаётган раҳбарлар футболни яхши тушунишади. Улар футболимизни кучайтира олишларига ишонаман.
- Охирги пайтларда кўпчилик томонидан чемпионат савияси пасайганлиги ҳақида фикр билдиришди…
- Мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Чунки «Пахтакор» катта фарқ билан чемпион бўлди. Бу эса чемпионатимиз учун плюс эмас, минусга киради. 1-ўрин билан 2-ўриндаги клубларнинг очколари ўртасида жуда катта фарқ бўлиб қолди. «Пахтакор» ҳеч бўлмаганда кичикроқ фарқ билан чемпион бўлганида ҳам Суперлигада бироз интрига сақланиб қолган бўларди. Энди бу йил қандай бўлишини кўрамиз. Лекин олдингисига кўра бу мавсум қизиқарлироқ ўтади деб ўйлаяпман.
- Таққослаш учун айтиш мумкинки, ўтган йили АГМК «Пахтакор»га қарши барча ўйинларда йирик ҳисобларда ютқазганди. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, янги мавсумда АГМК нималарга қодир бўлиши мумкин?
- Ҳозир бу саволга жавоб қайтара олмайман. Футболчиларнинг ҳозирги ҳолати билан икки ойдан кейинги ҳолати нима бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Бу саволга жавобни вақт кўрсатади.
Фикрлар