Сантуш "Евро-2016"да Португалия ғалабаси ҳақида: "Роналду ҳал қилувчи роль ўйнади. У намуна бўлди, мақсадга интилди ва ҳеч қачон ишонишдан тўхтамади"
Португалия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Фернанду Сантуш "Евро-2016"да қўлга киритилган тарихий ғалабани эслаб ўтди.
10 июль куни Парижда ўтган финал баҳсига 10 йил тўлди. Ўша ўйинда Португалия терма жамоаси Францияни 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди.
«Париждаги ўша унутилмас кундан буён ўн йил ўтди. Вақт ўтиши билан ўша воқеаларга янада хотиржам қараш, эришган ютуғимиз кўламини чуқурроқ англаш имкони пайдо бўлди. Агар ўша йўлдан кейин менда битта асосий хулоса қолган бўлса, у шундай: “Биз” ҳар доим “мен”дан устун бўлган», – дея эслайди мутахассис.
Унинг таъкидлашича, Криштиану Роналду сардор сифатида майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳал қилувчи ўрин тутган.
«Криштиану Роналду етакчи сифатида мутлақо ҳал қилувчи роль ўйнади – ҳам ўйин пайтида, ҳам кийиниш хонасида. У шахсий намунаси, катта амбицияси ва ҳеч қачон ишончни йўқотмагани билан жамоани ортидан эргаштира олди», – деди Сантуш.
У Португалия таркибидаги футболчиларнинг маҳорат даражаси жуда юқори бўлганини қайд этди, бироқ фақат талантнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади.
«Бизда жуда истеъдодли футболчилар бор эди, аммо фақат талант билан ғалаба қозониб бўлмайди. Фарқни бир-биримизга бўлган ишонч, ҳар куни ягона мақсад йўлида меҳнат қилиш қобилияти ва ўша жамоа ичида шаклланган бирдамлик яратди», – дея қўшимча қилди у.
Сантушнинг сўзларига кўра, ўша таркибда ҳар бир футболчи максимал даражада ишлаган.
«Ҳамма ўзини тўлиқ бағишлади – машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам. Улар ўзаро яратган муҳит туфайли Португалия тарихидаги энг нуфузли совринни қўлга кирита олди. Ҳар бир аъзонинг фидойилиги, малакаси ва профессионаллиги жамоага фақат кураш ҳақида ўйлаш имконини берди», – деди мураббий.
Сантуш, шунингдек, Франциядаги португалиялик мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини алоҳида эътироф этди.
«Португалияликларнинг беқиёс ёрдамини ҳеч қачон унута олмайман. Франциядаги муҳожир ватандошларимизга алоҳида меҳрим бор – улар Маркунини ҳақиқий “уй стадиони”мизга айлантиришди. Уларнинг энергияси, муҳаббати ва ғурури бизга сўз билан ифода этиб бўлмайдиган куч бағишлади», – дея таъкидлади у.
Фернанду Сантуш бугун ҳам ўша ғалаба учун ифтихор туйишини айтди.
«Ҳали ҳам ўша ғурурни ҳис қиламан. Фақат совриннинг ўзи учун эмас, балки уни қандай қўлга киритганимиз учун ҳам. Чунки ўша ғалаба фақат менга эмас, барчага тегишли», – дея хулоса қилди Сантуш.

Фикрлар