Сардор Абдураимов "Металлург"да қоладиган бўлди
XXXIII миллий чемпионат бошланишига 40 кун қолди. Янги мавсумга катта ниятлар билан ҳозирлик кўраётган "Металлург" жамоаси таркибида янгиланиш жараёни якунланиб бормоқда. Ўтган йилги асосий таркиб ўзагини сақлаб қолган “Металлург” шартнома муддати тугаган яна бир тажрибали ўйинчиси билан келишувни узайтирди. Таянч ярим ҳимоячи Сардор Абдураимов бу йилги мавсумда ҳам “Металлург” шарафини ҳимоя этади.
Сардор Абдураимов ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида “Металлург” сафига келиб қўшилган, бекободликлар таркибида барча 13 учрашувда майдонга тушганди.
“Металлург” бунга қадар шартнома муддати тугаган Акмал Ортиқов, Аброр Тошқўзиев, Эргаш Исмоилов сингари тажрибали ўйинчилари билан ҳам келишувни узайтирганди. Ўз навбатида клуб Беҳруз Шодмонов ва Ҳусниддин Ғофуровнинг бошқа клубларда тўп суриш истагига монелик кўрсатмади. Уларнинг ҳар иккаласига Бекобод футболи равнақи йўлида қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз ва келгуси фаолиятига омад тилаймиз, - дея хабар бермоқда "Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар