Сарвар Каримов: "Айни пайтда нафақат дарвозада, балки, барча позицияларда сифатли футболчиларни топиш қийин"

CHERY AUTO

Хабарингиз бор, айни пайтда "Бунёдкор" жамоаси чемпионатга тайёргарлик кўриш мақсадида Туркияда йиғин ўтказмоқда. Шу муносабат билан Sports.uz сайти "қалдирғочлар" дарвозабони Сарвар Каримов билан суҳбат уюштирди. Қуйида ушбу интервью билан батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.

Tecno

– Туркиядаги йиғин ҳақида фикрингиз қандай? Жамоа машғулотларидан кўнглингиз тўляптими?

– Туркия йиғини аъло даражада ўтмоқда. Машғулотлар кунига 2 маҳал ўтказилмоқда. Ҳозирда 5 та ўртоқлик ўйини режага киритилган. Мана шу йиғин орқали жамоа ўйин услубини шакллантириш мақсад қилинган.

Бу ердаги машғулотлардан қанчалик кўнгил тўлган-тўлмаганлигини йиғин охиридаги натижаларга қараб билиб оламиз.

– Жамоадаги рақобат, умуман, бошқа дарвозабонлар ҳақида нима дея оласиз? 

– Бу йил жамоамиз асоси ёшлардан ташкил топган. Барча ўз позицияси учун бор кучи билан рақобатга киришган. Дарвозабонларга келсак, ёнимда Суперлигада ном қозонишга улгурган 2та тажрибали ва иқтидорли посбон бор. Сафаев ва Султонов билан рақобатлашиш - менинг энг катта ютуғим. Сабаби, улар жуда кўп ўйинларда иштирок этган ва табиийки, улкан тажрибага эга. Улардан кўп нарса ўрганиш мумкин.

Мен шу пайтгача доим Ўзбекистоннинг энг зўр дарвозабонлари билан бир жамоада тўп тепганман: Бугало, Нестеров, Жўраев, Икромов, Юсупов шулар жумласидан. Мана шундай кучли дарвозабонлар билан бирга машғулотларда кўп сабоқ олганман.

Шу қаторда Сафаев ва Султонов айни вақтда Ўзбекистоннинг энг иқтидорли дарвозабонлари. Улардан ҳам анча нарса ўрганса бўлади.

sarvar_1

– Клубнинг бу мавсумда кўзлаган асосий мақсади нима? Сизнингча, "қалдирғочлар" чемпионлик учун курашишга тайёрми?

– Жамоамизнинг бу йилги асосий мақсади - ёшларга эътибор қаратиш. Истеъдодли ва иқтидорли футболчиларни тарбиялаб, уларга кўпроқ имкон бериш кўзда тутилган. "Бунёдкор" - ўз академиясига эга жамоа. Юқори салоҳиятли ёш футболчилар етарлича топилади. Чемпионлик ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳар бир клуб каби биз ҳам чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш олиб борамиз.

– Билишимизча, сизнинг бўйингиз дарвозабонлар учун нормал ҳисобланмайди. Бу сизга қийинчилик туғдирмайдими ёки бунинг ўзига ҳос афзалликлари борми?

– Ҳа, дарвозабон учун баландроқ бўлгани яхши. Шунда сизнинг имкониятларингиз юқорироқ бўлади. Менинг бўйим ростан ҳам нормал ҳисобланмайди. Лекин нолимайман, Худо мени шундай яратган. Худога шукр, бўйим паст бўлишига қарамай, Жаҳон, Осиё чемпионатларида, шунингдек, Суперлига ва кубок сингари нуфузли мусобақаларда иштирок этдим.

sarvarkarimov

– Охирги йилларда юртимизда сифатли посбонлар камайиб кетмоқда. Бунга сабаб сифатида нимани кўрсата оласиз?

– Айни пайтда нафақат дарвоза чизиғи, балки, барча позицияларда сифатли футболчиларни топиш қийин. Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп, аммо халқаро майдонга чиққанда улар ўзини кўрсата олмаяпти. Бунинг сабабини эса мураббийлар топиши керак. Камчиликларимиз, ютуқларимиз нимада эканлигини улар четда туриб кузатади.

– Сиз учун ҳозирда Ўзбекистондаги энг кучли 3та дарвозабон ким?

– Менинг фикримча, Ўткир Юсупов, Умиджон Эргашев ва Санжар Қувватов.

Шоҳрух Зоиров тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!