Саудия Арабистонига қарши баҳс Андижонда ўтказилмайдими?
Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ташаббуси билан жорий йилнинг 21-25 март кунлари Фарғона водийсида Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси иштирокида Саудия Арабистони ёшлар терма жамоасига қарши 2та ўртоқлик учрашуви ташкил этилиши эълон қилинган эди.
Табиийки, ЎФАнинг ушбу қарори водий халқини беҳад қувонтириб юборди. Айниқса андижонлик мухлислар учун ҳақиқий байрам бўлди. Сабаби «Соғлом авлод» стадионида ҳозиргача терма жамоамиз сира ўйин ўтказмаганди.
Мухтарам Юртбошимиз ўз чиқишларида ҳар гал энг аввало халқнинг кайфиятини кўтариш асосий вазифаларимиздан бири эканлигини айтиб ўтмоқда.
Бунинг самараси ўлароқ, яқинда МОҚ раиси, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг шахсан ўзи Андижонга ташрифи чоғида, махаллий ишқибозлар билан учрашиб, Андижон халқининг кайфияти учун ҳам терма жамоамиз учрашувини айнан бизнинг вилоятда ўтишига қарор қилганини таъкидлаганди. Бу эса Андижон халқини бехад шод этмай қолмади.
Аммо, лекин, бироқ...
Эшитишимга қараганда куни-кеча Андижонга ЎФАнинг махсус ишчи гуруҳи ташриф буюриб, шаҳардаги «Соғлом авлод» стадионининг бугунги холати билан яқиндан танишди.
Айтишларича, стадиондаги жамоалар кийиниш ва ювиниш хонаси, талаб даражасида эмас. Дарҳақиқат, шундай. Агарда бу борада керакли ишлар олиб борилмаса, жамоалар учун шароитлар яратилмаса Ўзбекистон - Саудия Арабистони ўйинини Андижондан олиб қўйиб, бошқа вилоятга бериб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун шахсан ўзимни ва минглаб андижонлик ашаддий ишқибозлар номидан шуни илтимос қилардимки, Андижон вилояти ҳокимининг масъул ходимлари, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Андижон вилоят футбол ассосиацияси, Андижон олимпия захиралари коллежи, «Соғлом авлод» стадиони, «Андижон» футбол клуби раҳбарияти ўз ишига жиддий ёндошиб, вилоятимиздаги биринчи рақамли стадион бўлиб турган «Соғлом авлод» стадионидаги шароитларни талаб даражасига келтирилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Акс холда, Андижон халқи терма жамоамизнинг уй ўйинидан мосуво бўлиши турган гап.
Шунинг учун ҳамма масъул ходимлар бир ёқадан бош чиқариб, чин кўнгилдан ишлаб, стадионимиздаги холатни ижобий кўринишга келтириб берса, халқ хурсанд бўларди.
Андижонда 3 200 000 аҳоли бор, шундан 20 фоизи футболнинг ашаддий ишқибози саналади десам, хато бўлмаса керак. Албатта Саудия Арабистонидек Осиёда ўз номига эга бўлган терма жамоани вилоятимизга ташрифи биз учун катта байрам. Ишончим комилки, вилоятимиз ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмонов ҳам бу борада масъул шахсларга керакли топшириқларни беради ва Наврўз байрамига биз андижонликларга хақиқий байрам қилиб беради.
Бунга жавобан андижонлик футбол ишқибозлари ҳам 25 март кунги ўйинда мухлислик даражаси қандай бўлишини барчага кўрсатиб қўяди. Фақат шу куни Андижонда терма жамоамиз ўйнаса бўлгани. Ҳақиқий жонкуяр мухлислар бизда эканлиги аниқ. Хуллас стадионни тайёрлаш Сизлардан, мухлислик қилиш биздан!!!
Фикрлар