Сергей Ковшов Суперлига жамоаларининг имкониятлари ҳақида нима дейди?

Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 саралаш баҳсларидаги ўйинларидан кейин энди Суперлигамизга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хабарингиз бўлса, эртага чемпионатнинг 23-тур баҳсларига старт берилади. 31 октябрда эса тур беллашувларига якун ясалади. Сиз билан биз уч кун давомида 23-тур учрашувларини кузатиш имконига эга бўламиз. Албатта, мавсум охирлаб қолгани сари аксарият жамоалар ўзлари учун керакли натижаларга эришишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун мухлис ва мутахассисларнинг навбатдаги турга бўлган эътибори ҳам юқори. Шу сабабдан бугунги кунда Ғузорнинг «Шўртан» жамоасига бош мураббийлик қилаётган ва элитанинг бир қатор клубларида фаолият олиб борган Сергей Ковшов 23-турда ўтказиладиган еттита жуфтлик ҳақида фикр билдириб, жамоаларнинг имкониятларини қуйидагича баҳолади.

29 октябрь (сешанба)

«Сўғдиёна» - «Динамо»

- Ўйлайманки, Жиззахда «Сўғдиёна» ҳамда «Динамо» жамоалари иштирокида жанговор ўйин бўлади. Биламан, ҳозирги пайтга келиб самарқандликлар қийин аҳволда ва уларни фақат ғалаба қониқтиради. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, «Сўғдиёна» учинчи ўрин учун курашмоқда ва уларнинг мақсадига эришиш учун ҳам ғалабалар жуда зарур. Менимча, ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилиши мумкин ва бу борада омад мезбонларга кулиб боқади деган фикрдаман.

Имкониятлар: 60\40

«Қизилқум» - «Металлург»

- Турнир жадвалига қарайдиган бўлсак, «Қизилқум»га кўпроқ ғалаба зарурлигини кўриш мумкин. Чунки улар Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жиддий курашишмоқда. Бунинг устига навоийликлар ўз майдонида ўйнашади. Агар «Қизилқум» очко йўқотса, аҳволи яна қийинлашиши мумкин. Шу боис улар ўз майдонидаги имкониятни қўлдан чиқаришмаса керак. Бироқ учрашув қийин ўтиши аниқ. Назаримда, майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонса керак.

Имкониятлар: 55\45

30 октябрь (чоршанба)

«Андижон» - «Бунёдкор»

- «Андижон» жамоаси бу турда ўз майдонида ўйнайди. Улар мухлислари қаршисида албатта ижобий натижага эришиш учун бор кучини ишга солади. Аммо тан олиш лозимки, «Бунёдкор» клуби ўйин бўйича «Андижон»дан устунроқ. Ўйлашимча, ушбу баҳсда кучлар тенг келади.

Имкониятлар: 50\50

ковшов2

«Бухоро» - «Қўқон-1912»

- Ғалабаларга ташна бўлган иккала жамоа ўртасидаги тўқнашув бўлади. Шунинг учун ўйиннинг «ҳарорати» юқори даражада бўлади деб ўйлайман. Мухлислар майдонда қизиқарли учрашув гувоҳи бўлишларига ишонаман. Лекин бундай вазиятда устунликни бирор-бир жамоага бериш ҳам қийин. Балки мазкур беллашувда дуранг натижа қайд этилиши ҳам мумкин.

Имкониятлар: 50\50

31 октябрь (пайшанба)

«Навбаҳор» - «Насаф»

- Наманганда ҳам ажойиб ўйин бўлади. «Навбаҳор» ҳам, «Насаф» ҳам ғалаба қозониш учун астойдил курашишади. Ўйлашимча, иккала жамоаларнинг имкониятлари бир хил. «Насаф» ҳам барибир яхши футбол кўрсатади. Айниқса, ҳужумкор ўйнашни ёқтиради. Ўз навбатида «Навбаҳор» ҳам ҳужумкор ўйнашини унутмаслик керак. Айниқса, улар ўз мухлислари қаршисида янада фаолроқ бўлишга ҳаракат қилишади. Менимча, учрашувда ҳисоб очилмаса керак.

Имкониятлар: 50\50

АГМК – «Локомотив»

- Биласизми, ушбу баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилишни тахмин қиляпман. Мавсум охирларига келиб АГМК жамоаси ўз ўйинини топиб оляпти. «Локомотив» билан учрашув шиддатли тарзда ўтса керак. Гарчи АГМК Кубок финалида ютқазган бўлса-да, жамоа характер кўрсата олади. Шу боис «Локомотив»га муносиб қаршилик кўрсатишга қодир деб ҳисоблайман. Қайтанга, ҳозирги пайтда АГМК «Локо»га нисбатан яхшироқ ҳолатда. «Локомотив» эса охирги ўйинларда кўп очко йўқотди.

Имкониятлар: 50\50

«Пахтакор» - «Сурхон»

- Бу беллашувда «Пахтакор» катта устунлик қилади. Шунинг учун майдон эгалари камида иккита тўп фарқи билан ғалаба қозонишини кутяпман. «Пахтакор» ҳаммадан кучли. Шунинг учун Ўзбекистондаги биринчи рақамли жамоа бўлиб турибди. «Сурхон»га эса жуда оғир бўлади.

Имкониятлар: 70\30

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Murod Panjiev
31/10/2019 15:31
Сен хам сурхонни бошқаргансан хеч бўлмаса сурхонга омад тиласанг бўладику пасткаш биламиз пахтакор кучли жамоа эканлигини сурхонга оғир бўлишини сен айтмасанг хам лекин билиб қўй омадга хам боғлиқ
Абдусамат Жураев
29/10/2019 08:10
Сан ФОЛБИНМИСАН КОВША КУРАСАН НАВБАХОР ИККИТА ТУП ФАРКИ БИЛАН ГАЛАБА КОЗОНАДИ