Сергей Лушчан: "Биз илгари сурган шартларни бажаришса клубда қолиб ишни давом эттирамиз"

“Навбаҳор” – “Андижон” (3:3) ўртасидаги ўйиндан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Сергей Лушчан қатнашди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Сергей Иванович, бугунги учрашув ҳақида нима дея оласиз?

- Ўзингиз кўрдингиз, ўйин бошидан охиригача қизғин курашлар остида кечди. Дарвозаларга жами олтита тўп киритилди. Афтидан, охирги учрашувга келиб қандайдир масала ҳал қилинар экан, ўйин доим мана шундай руҳда ўтади. Ҳозир нимадир дейиш қийин. Бунинг учун бироз вақт керак бўлади. Шундан кейин фикрни бир жойга жамлаб баҳо бериш мумкин. Бевосита бугунги беллашувга келсак, менга ёқди. Учинчи ўрин – бу учинчи ўриндир.

- Бугунги ўйин ва 3-ўрин учун раҳмат. Клубни иккинчи даврада бошқаришга киришдингиз. Натижалардан кўнглингиз тўлдими? Келгуси мавсум учун асосий режангиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

- Ҳозиргина биргаликда амалга оширган ишлар учун йигитларга миннатдорлик билдириб чиқдим. Биласизми, мавсум ярмидан ўз қарашларингиз ва режаларингизни йигитларга сингдириш жуда қийин бўлади. Клубда иш бошлаган дастлабки икки ҳафта ҳаддан ташқари оғир бўлган. Босим ўта юқори эди. Йигитларга раҳмат. Улар бунга дош бера олдилар. Бизда айниқса юзага келган хавфли вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида катта муаммо бор эди. Ваҳоланки, баҳс давомида бундай ҳолатларни бошқаларга нисбатан икки-уч баробар кўпроқ юзага келтира олардик. Кўнгил тўлиш масаласига келсак, ҳа, мана шундай футболчилар билан бирга ишлаганимдан кўнглим тўлди. Йигитларга ниманидир ўргатиш ёки ўқитиш шарт бўлмади. Шунчаки, тўғри йўналиш кўрсатиб қўйиш етарли бўлди, холос. Кейин нима бўлади? Буни билмайман. Ҳолбуки, биз ўз қарашларимиз ва шартларимизни билдириб бўлдик. Менимча, жамоада юқори маҳоратли ўйинчилар кам қолса керак. Олдинга катта вазифалар учун курашадиган жамоани асосан ёшлардан тузиш мажбуриятини қўяр экан, бундай маҳалда аввало мураббийлар штабини уч карра яхшироқ кучайтириш даркор бўлади. Агар раҳбарият 31 декабрга қадар биз илгари сурган шартларни бажара олса, у ҳолда клубда қолиб ишни давом эттирамиз. Чунки шартномамиз ярим йилга тузилган. Агар раҳбарият бунга кўнса қоламиз, акс ҳолда...

- Селекция ишлари қандай кетяпти? Қайси футболчиларнинг шартномалари тугади? Клубда кимлар қолади?

- Селекция масаласида бизда бош ва ҳамда спорт директорлари ишлашяпти. Мен уларнинг ишига аралашмайман. Ўзим ва ёрдамчиларимнинг клубдаги келажаги нима бўлишини билмай туриб бу саволингизга жавоб беришим даргумон. Асосийси, бу йўналишда иш олиб борилмоқда. Мен аввал бошидан таркибни ёшартириш ва бунинг учун асосан Наманганнинг ўзидан ўйинчилар чақириш кераклигини айтганман. Бундай футболчилар водийнинг турли клубларида тўп суряпти. Асосан клуб тарбияланувчиларини чақириш керак. Бу вазифани эса спорт директори бажаради. Билишимча, музокаралар давом этяпти. Тахминан қайси ўйинчиларни жалб этишмоқчи эканлигини биламан. Шартномалари тугаган футболчиларнинг бари эса клубдан кетади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!