"Шабаб Ал-Аҳли" мураббийи АГМКга қарши ўйин олдидан нимадан бунчалик хурсанд бўлди?
Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 3-тури доирасида Жалолиддин Машарипов ҳаракат қилаётган "Шабаб Ал-Аҳли" жамоаси АГМКга қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйин олдидан дубайликлар бош мураббийи Маҳди Али матбуот анжуманида иштирок этди:
"Навбатдаги учрашув биз учун жуда муҳим. "Ал-Ҳилол"га ютқазганимиздан кейин бу баҳснинг қиймати ошиб кетди. Ҳар икки кунда ўйин ўтказиш қийин, аммо биз футболчиларимизга ишонамиз.
Биринчи турда дуранг ўйнадик, АГМК ҳам ҳудди шундай натижа қайд этди. Кетма-кет иккита ўйинни битта жамоага қарши ўтказамиз. Бу учрашувлар орқали саралаш босқичига чиқиш имкониятларимизни сақлаб қоламиз ёки ундан узоқлашамиз. Ижобий натижага эришиш учун эҳтиёткор бўлишимиз лозим.
Олдинги баҳсдаги мағлубият жисмоний омил билан боғлиқ эмас. Ўйин давомида омад биздан юз ўгирди. Майдон марказида брак паслар кўп бўлди. Умид қиламанки, энди ҳаммаси яхши бўлади. Қолаверса, Машарипов қайтди. У жисмоний ва руҳий томонлама тайёр", - деди мураббий.
Фикрлар