Шаҳобиддин Зоировга Олимпиада финалида ютқазган Миша Алоян медалини қайтариб олмоқчи
Ads
 
Рио Олимпиадасининг бокс мусобақалари финалида ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоировдан мағлубиятга учраб, кумуш медални қўлга киритган россиялик Миша Алоян бу совринидан ҳам қуруқ қолди.
 
Спорт арбитраж суди (CAS) декабрь ойининг бошида Алоян тақиқланган модда қабул қилганини ва олимпия кумуш медали ундан олиб қўйилишини маълум қилган эди. Миша Алоян бу қарор юзасидан апелляция берди.
 
- Апелляция берилди, - дейди спортчининг манфаатларини ҳимоя қилаётган юрист Артём Пацев. - Натижа қачон чиқиши номаълум. Чунки Спорт арбитраж суди ҳар доим ҳам тезкор иш юритмайди.
 
Миша Алояннинг допинг текширувларида спортчи тақиқланган туаминогептан моддасини истеъмол қилгани аниқланган. Боксчининг шахсий мураббийи Эдуард Кравцовнинг айтишича, Олимпия ўйинларига тайёрланиш жараёнида спортчи шамоллаб қолган ва машғулотлар жараёнида қўлланишига рухсат берилган бурун томчиларидан фойдаланган. Бироқ, бу иш ҳужжатлаштирилмагани Алоянга қимматга тушмоқда. Боксчи ҳужжатларни расмийлаштириш билан терма жамоа шифокори Сергей Клягин шуғулланиши керак эди, деган фикрни илгари сурмоқда.