Шаржадаги шахмат турнири ғолиби Нодирбек Ёқуббоев юртимизга қайтиб келди
БААнинг Шаржа шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича “Ramadan open” халқаро турнирида ўзбекистонлик Нодирбек Ёқуббоев ғолибликни қўлга киритди.
Ўз тарихида 27-маротаба ташкил этилган анъанавий турнир рапид ва блиц йўналишларида ўтказилди. Унда дунёнинг 35 давлатидан 200 нафардан ортиқ маҳоратли шахматчи ғолиблик учун дона суришганлиги мусобақанинг нуфузи анча юқори эканлигидан дарак беради.
Блиц йўналишидаги турнирда халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, олтин медал ва кубок билан тақдирланди. У 7 ўйинда ғалаба қозонган бўлса, икки нафар рақиби билан дурангга эришди. Ёқуббоев ҳаттоки араб давлатлари орасида энг кучли шахматчи, “Ramadan open” халқаро турнирининг биринчи рақамли иштирокчиси бўлмиш БАА вакили Салим Солиҳдан ҳам устун келди.
Бугун тунда ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Хусан Турдалиев бошчилигида юртимизга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида шахматчиларимизни Спортни ривожлантириш вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, “Ramadan open” халқаро турнирида яна бир халқаро гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров ҳам қатнашиб, блиц йўналишида 3-ўринни эгаллаган эди.
Шунингдек, халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини Нилуфар Ёқуббоева ҳамда Шахноза Собирова ҳам ҳимоя қилишди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар