"Шарманда бўлдик, Ўзбекистон чемпионатининг даражаси бунчалик бўлишини кутмагандим" - "Металлург"нинг янги устози айбини тан олди ва...
“Металлург” клуби янги бош мураббийи қўли остида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Андижон” жамоасига қарши баҳс олиб борди ва унда бекободликлар ўз дарвозасидан жавобсиз 5 та гол олиб чиқдилар.
Шу тариқа, клубнинг янги устози илк мағлубияти ва йирик ҳисобдаги “зарба”ни қабул қилиб олишига тўғри келди. Учрашувдан кейин "Металлург" бош мураббийи Веско Стешевич саволларга жавоб қайтарди.
- Ўйинда юз берган воқеани изоҳлашим жуда қийин. Бундай беллашувлардаги натижалар ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Футболда ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаги ўзига яраша хатти-ҳаракатлар унинг тақдирини белгилаб беради. Бугун шундай бўлдики, шогирдларим учрашув бошида жуда ёмон ҳаракат қилишди. Ўз навбатида бу рақиб жамоа аъзоларига қўл келиб, бирин-кетин йўл қўйган хатоларимиз охир-оқибат бизга қимматга тушди. Энг ачинарлиси, унчалик хавфли кўринишда бўлмаган тўп оширишдан сўнг дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Бу голга биз ҳам дарҳол жавоб қайтаришимиз мумкин эди. Лекин ҳаракатларимиз якундай ўхшамай қолди. Боз устига иккинчи ҳолатда стандарт вазиятда дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. “Андижон” аъзоларининг стандарт вазиятларидан яхши фойдалана олишлари мумкинлигини билардик ва шунга яраша тайёргарлик ҳам кўргандик. Кейинчалик яна бир голни рақибга шунчаки ҳадя қилиб юбордик. Шундан сўнг ўйинимиз бутунлай издан чиқиб кетди ва майдонда нима қилишимизни билмасдан қолдик.
Учрашувнинг иккинчи бўлимида ҳам шу тахлитда ўйнашда давом этдик. Аксарият футболчиларимиз ўз савияларидан анча йироқ бўлган ўйинни намойиш этишди. Албатта, уларга дарвозамизга киритилган бирин-кетин голлар руҳиятининг издан чиқишига сабаб бўлди, деб ҳисоблайман. Афсуски, бугунги кунда жуда ҳам аламли ва ачинарли мағлубиятга дучор бўлдик. Қўпол қилиб айтганда, биз шарманда бўлдик. Аммо шундай тақдирда ҳам бугунги қайд этилган салбий натижадан ўзимиз учун керакли хулосани чиқариб олишимиз даркор. Кейинги учрашувларда бу каби хатоларга йўл қўймаслик пайида тўп сурамиз. Менинг йирик ҳисобдаги мағлубият борасидаги фирким шундай: беш марта 0:1 га ютқазганда кўра, бир марта 0:5 га ютқазган яхшироқ. Умид қиламанки, бугунги мағлубиятдан сўнг йигитларимиз яна шундай шармандагарчилик бўлишига йўл қўймайдилар. Ўз навбатида “Андижон” клубини эришган ишончли ғалабаси билан табриклайман.
- Негадир жамоангиз ҳужумчиларининг иши юришмади...
- Мен фақат ҳужумчиларимиз ҳақида гапириб ўтишни истамаган бўлардим. Майдондаги ўйинчиларимиз жуда бўш ва ёмон тўп суришди. Бор гап шу. Мана шундай мағлубиятдан кейин айбдорлар сифатида бир нечта футболчини кўрсатиш ҳам нотўғри ишдир. Бутун жамоа мағлубият учун бирдек айбдор ҳисобланади. Бош мураббий сифатида мағлубиятнинг сабабчиси дея ўзимни кўрсатаман. Бунда менинг ҳам катта айбим бор. Буни тан олиш мен учун қийин эмас. Шунингдек, энди йигитларни тушкун кайфиятдан олиб чиқиш менинг гарданимда турган биринчи навбатдаги вазифа бўлиб турибди.
- Сиз учун янги чемпионат, янги жамоа. Умуман олганда, Суперлигамизнинг савияси қандай экан?
- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон чемпионатининг даражаси бунчалик бўлишини ҳеч кутмагандим. Суперлига жамоаларининг ўйинларини томоша қилар эканман, менда бу биринчиликда бўш иштирокчилар тўпланмаган экан, деган таассурот уйғонди. Бевосита ихтиёримдаги клуб ҳақида гапирадиган бўлсам, ўтган турда шогирдларим ғалабага эришган ҳолда яхши таассурот қолдиришганди. Лекин бугунги беллашувдаги натижа мана шундай бўш ўйнашимиз мумкинлигини ҳам кўрсатиб қўйди. Демак, ҳали биз бажарадиган ишлар кўп. Жамоа футболчиларини нима яхши савияга кўтаради? Фақат ижобий натижалар. Биз мана шунга эришишга ҳаракат қилган ҳолда тўп сурмоқчимиз.
Фикрлар