Шацких жамоасига бир очко олиб берди

Россия премьер-лигасининг 10-турида Остон Ўруновнинг собиқ жамоаси “Уфа” ўз майдонида дебютант “Ротор” билан куч синашди.  

Биз учун аҳамиятлиси, шу куни “Ротор”га Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг яхши тўпурари бўлган Максим Шацких устозлик қилди.  Волгоградликлар бош мураббийи Александр Хацкевичнинг саломатлигида муаммо борлиги туфайли жамоани бошқариш катта мураббий Максим Шацких чекига тушди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар икки жамоанинг жорий мавсумдаги ўйини ҳеч кимни қониқтирмаяпти. “Уфа” ёзги трансферлар вақтида етакчи ўйинчиларини сотиб юборди ва уларнинг ўрнига муносиб ўринбосарлар топа олмади. “Ротор”га эса премьер-лига тажрибаси етишмаётган эди. Яқинда волгоградликлар таркибида коронавирус тарқалди ва бу жамоани етарлича кучсизлантирди. Ҳатто иккита учрашувда “Ротор”га техник мағлубият ёзилди.

Аутсайдерларнинг Уфа шаҳридаги учрашуви тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам яратилган имкониятлардан фойдалана олмади. Натижа ўйин голсиз дуранг билан якунланди. Максим Шацкихнинг тактик схемаларини аниқ бажарган "Ротор" футболчилари ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва бир очкога эга чиқди. 

- Бошимизга тушган вазият туфайли кўп йигитлар оптимал формада эмас. Биз “Уфа”га қарши ўйинда очко олишга лойиқ ўйин кўрсатдик ва бизнинг вазиятимиздан келиб чиқиб баҳоласак, шу бир очко ҳам биз учун қимматли, - деди Максим Шацких.

Айни пайтда “Уфа” олти очко билан 15-ўринни эгаллаб турган бўлса, ҳали бирорта ғалаба қозона олмаган “Ротор” уч очко билан сўнгги поғонани банд этган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!